«ПолитКлиника»: Президентнинг қудаси «Қирғизалтин» бошқармаси раисининг ўринбосари бўлди

11 апрелда Азамат Шаршенбиев исмли фуқаро «Қирғизалтин» очиқ акциянерлик жамияти бошқармаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди. «ПолитКлиника» нашри янги келган кадр президент Садир Жапаровнинг қудаси эканини ёзиб чиқди.

Нашрнинг маълумотига кўра, 2021 йил 16 апрелда президент Садир Жапаровнинг буйруғи билан қудаси Алмазбек Акматов Ҳисоб палатаси раиси этиб тайинланган. Раиснинг акаси Черик Акматовнинг ўғли — Азамат Шаршенбиев.

Нашрнинг ёзишича, 30 ёшли Шаршенбиев Иссиқкўл вилоятидаги Алишпаев номидаги кооперация институти ва Тинистанов номидаги Иссиқкўл давлат университетида таҳсил олган. 2017-2019 йилларда «РСК Банк»нинг Чуй филиалида кассир ва мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассис бўлиб ишлаган. 2021 йилдан бошлаб эса «Манас» аэропортида бухгалтер ва моддий-техник таъминот хизмати бош мутахассиси бўлиб ишлаган.

Бу бўйича президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Клооп»га бундай масала президент ваколатларига кирмайди, деб таъкидлаб, «Бошқарманинг аъзоларини тайинлаш ёки бўшатиш ҳақида қарорни директорлар кенгаши қабул қилади», деб билдирди. Шаршенбиевнинг Садир Жапаров билан бўлган алоқаси бўйича Султанбаев изоҳ бермади.

Президентнинг олий лавозимлардаги бошқа қудалари

Аввалроқ журналистлар президентнинг бошқа қудалари ҳақида ҳам суриштирув олиб боришган. Улар: Таштанбек Каймазаров, Айдар Адилбеков ва Турусбек Тумонбаев.

2020 йил октябрда президент Таштанбек Каймазаровни Давлат миграция хизматининг директори этиб тайинлаган. Шундан сўнг Factcheck нашри Каймазаров Жапаровнинг қудаси эканини аниқлаган.

2021 йил апрель ойида эса «Шарқий электрон» раҳбари ўринбосари бўлиб Айдар Адилбеков тайинланади. 2021 йилнинг октябрида Temirov LIVE Адилбековнинг президентнинг қудаси эканини айтган эфирини эълон қилган.

Жапаров 2020 йил 21 октябрда, яъни президентнинг ҳамда ҳукумат раҳбарининг вазифаларини бажарувчи бўлиб турган Жапаров Турусбек Тумонбаевни «Унаа» давлат ишхонасининг директорлигига тайинлайди. Кейинроқ Factcheck нашри Турусбеков Жапаровнинг қудаси эканини ўрганиб чиқди.

Temirov LIVE Ютуб каналининг журналистлари 2021 йил 11 сентябрда «Унаа»даги тендер махинациялари ҳақида материал эълон қилган. Унда ярим миллиардлик тендерларни Тумонбаевнинг қизи билан алоқадор бўлган «Госзнак» ишхонаси ғолиб чиққани аниқланган.

Текширув чиққандан сўнг «Унаа» томонидан ўтказилган тендер бекор қилиниб, компания текширила бошланган. 2021 йил 13 сентябрда ўша вақтдаги ҳукумат раҳбари Улукбек Марипов Турусбек Тумонбаевни директорлик лавозимидан озод қилган.

Бироқ жорий йилнинг 29 мартида Тумонбаев «Бишкекасфальтсервис» муниципал ишхонасига раҳбарлик қилаётгани маълум бўлиб, аммо бу ҳақидаги маълумотлар оммага очиқ айтилмагани аниқ бўлган.