Вазирлар Маҳкамаси қурилиш компанияларининг «қора рўйхати»ни тузади

118

Вазирлар Маҳкамаси мамлакатимизда халқни алдамасдан ишлаётган қурилиш ташкилотлари реестрини тузади. Бу ҳақда парламентнинг 13 апрелдаги йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг ўринбосари Бакит Торобаев билдирди.

Йиғилишда депутат Дастан Бекешев Торобаевдан қурилиш тармоғини реформа қилиш бўйича лойиҳаси парламентга қачон киритилишини сўради. Торобаев у лойиҳа ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда, деб жавоб берди.

«Биз ҳозир низомни ишлаб чиқмоқдамиз. Тез орада тугайди. Ўтган куни [қурилиш компанияларининг қора рўйхати ҳақида] айтганингизни интернетдан ўқидим. Ҳозир биринчи навбатда, реестр тузамиз. Шунда инвесторларимиз [одамларни алдамайдиган компаниялар ҳақида] аниқ маълумот олишлари мумкин. Тартибли, қарзи йўқ, ҳеч кимни алдамаган, суд жараёни бўлмаган қурилиш компаниялар реестрга киради. Шунда биз тозаланамиз. Иккинчида котловандан қазиш босқичида сотиш масаласи турибди. Буни ҳам назорат қиламиз», — деб билдирди Торобаев.

Аввалроқ депутат Дастан Бекешев Бишкекда кўп қаватли уйлар қуриб беришни ваъда берган, лекин акциядорларнинг олдида мажбуриятларини бажармаган ўндан ортиқ қурилиш компанияси тушган «қора рўйхати» билан бўлишган. Рўйхатда халқ вакили уй қуришни тугатмаган 11 корхона номини келтирган.

Депутатнинг фикрича, ҳар бир қурилиш компаниясининг ишини кўриб чиқиш керак, барча ҳолатлар тегишли қонун билан қамраб олиниши зарур. У қурилиш ташкилотларининг жавобгарлигини кучайтириб, ўз вазифаларини бажармаганликлари учун лицензияларини бекор қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бекешев бу масалага давлат раҳбари ҳам киришиши зарур, агар у аниқ топшириқ берса, депутатлар тегишли қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб беради, деб таъкидлаган.