Боткен: Қизилқия шаҳрида 70 га яқин бола машина ойналарини синдириб, милицияга тош отишди

126

Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида 13 апрелга ўтар кечаси 60дан ортиқ ўсмирлар машиналарнинг ойналарини синдириб, милиция ходимларига тош отишди. Бу ҳақда вилоят ИИБдан билдиришди.

Уларнинг маълумотларига кўра, 13 апрелда кечаси соат 01:35 атрофида Қизилқия шаҳар ички ишлар бўлимига Новая кўчасида бир гуруҳ номаълум болалар шовқин-сурон қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

ИИБнинг билдиришича, мазкур жойга келган миллионерлар 60-70 нафар бола тўқмоқ ва тош кўтариб олиб, тўхтаб турган машиналарнинг ойнасини синдириб ташлаётганини аниқлашган.

«Милиция ходимлари уларни тўхтатиш мақсадида музокара олиб боришганида, улар милиция ходимларининг машиналарига тош отишган. Оқибатда милиция ходимларига ва уларнинг хизмат машиналарига тошлар тегиб, шикастланган», — дейилади маълумотда.

Безориликни тўхтатиш учун милиция ходимлари  табел тўппончасидан ҳавога бир неча марта ўқ узишга мажбур бўлишган. Шундан кейингина болалар қочиб кетишган.

Милиция «тривога» сигналини бериб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун шаҳарни қуршовга олишган. Кечаси 14 нафар ўсмир ҳибсга олинган. Ҳозирда уларнинг воқеага алоқадорлиги аниқланмоқда.

13 апрелга ўтар кечаси содир бўлган воқеа электрон маълумотлар журналига қайд этилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.