Google Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг Кампиробод сув омбори атрофидаги чегара чизиғини ўзгартирди. Харитадан чегара чизиғи аввал кутилганидан фарқли ўлароқ, 900-горизонталдан эмас, балки қирғиз қишлоқларидан узоқроқда ўтганини кўрса бўлади.
Google харитадаги янги чегара чизиғи сув омборининг Қуршоб ва Жази ирмоқларидан, шунингдек, Қизил-Октябрь, Ана-Қизил қишлоқларидан ҳамда Бишкек-Ўш автомобиль йўлидан узоқроқ ҳудуддан ўтган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида «Клооп» сув омборидаги «900-горизонталь контур» орқали янги чегара чизиғи қаердан ўтишини харитага туширган эди.
Унда 900-горизонталь орқали чегара чизиғи сув омборининг атрофидаги Алга, Қизил-Октябрь, Кенеш қишлоқларига ва Бишкек-Ўш автомобиль йўлига яқин ердан ўтади, деб тахминий ҳисобланган. Қишлоқ аҳолиси сув омбори атрофидаги шолизорларни ҳам Ўзбекистонга ўтиб кетади, деб хавотирланишган.
Ҳозирда Кампиробод сув омбори Google Earth иловасида ва OpenStreetMap харитасида ҳам Ўзбекистон ҳудуди сифатида кўрсатилган.
Кампиробод атрофидаги можаро
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказиб бериш —бу чегарани делимитация ва демаркация қилиш комиссиясига бошчилик қилган МХДҚнинг раиси Қамчибек Ташиевнинг ташаббуси. Шартномани ўтган йили икки давлат президентлари имзолаган.
Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30 га яқин фаол ва сиёсатчи ҳибсга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни «оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрганликда» айблаган.
Тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитанинг йиғилишидан ёзиб олинган аудиоёзувга асосланиб, улар кенг кўламли митинглар уюштириб (бу мамлакат қонунларида тақиқланмаган) ва ҳокимиятни қўлга киритмоқчи бўлишган, деб айтмоқда.
Ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳамон қамоқда. Улар ўзларининг айбсиз эканликларини айтишмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва маҳбусларнинг яқинлари буни сиёсий таъқиб, деб атамоқда.
2023 йил январь ойида ИИВ Кампиробод ишига мутлақо махфий мақом берган ва бу эса бир қатор юристларнинг норозилигига олиб келган. 15 мартда Бишкек шаҳар суди махфий муҳрни қисман олиб ташлаган.