Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган мустақил журналист ва фаол Эрлан Бекчороевнинг рафиқаси Шаршегул Аманова 12 апрелда президент Садир Жапаровга мурожаат қилди.
У халқ орасида судлар ва терговчилар «президентга қарам» деган гап-сўзлар борлигини таъкидлаб, Жапаровдан турмуш ўртоғини озод қилишини илтимос қилди.
Аманова олти ойдан бери Кампиробод бўйича ҳибсда сақланаётганларнинг айби исботланмаганлигини айтиб, турмуш ўртоғининг қамоқ муддатини узайтириш масаласи туман судида кўриб чиқилишини эслатди.
«Болаларим, ота деб, йиғлаганига олти ой бўлди. Агар фарзандларимнинг эси кирган вақтлари бўлганида, эҳтимол сизга мурожаат қилмаган бўлардим. Аксинча, отамизни ҳимоя қилиб, қонунсизлик билан курашган бўлардик. Афсуски, фарзандларимнинг бири уч ёшда, иккинчиси эндигина бир ярим ёшга чиқди»,— деди у.
Аманова аввалроқ «Клооп»га интервью бериб, оиласи турмуш ўртоғисиз қандай ҳолатда яшаётгани ҳақида гапириб берган. У Бекчороевни уйнинг ягона боқувчиси эканлигини таъкидлаб, уни қандай шароитда ушлаб кетишгани ҳақида гапирган.
Бекчороев — ўтган йилнинг октябрь ойида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилгани учун ҳибсга олинган 30 га яқин фаол ва сиёсатчилардан бири. Уларнинг аксарияти «оммавий тартибсизликлар уюштиришга уриниш»да айбланиб, ТИЗОда сақланмоқда.
Бугун, 12 апрель куни Бишкекнинг Биринчи Май туман судида маҳкумларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда. Суд қарорига кўра, бир қатор сиёсатчилар ва депутатлар уй қамоғига олинди, айримларининг қамоқ муддати узайтирилди.
Муаллиф: Бурулсун Жумалиева