Президент Ак-Ордодаги аёлнинг уйини ўзи эмас, «Ас-Сафа» фонди қураётганини айтди

147

Ак-Ордо участкасида суд қарори билан уйи бузилган Марал Шаболотовага уйни «Ас-Сафа» хайрия фонди қурмоқда. Бу ҳақда «Кабар» агентлигига президент Садир Жапаров билдирди.

Бунгача ижтимоий тармоқларда қурилишнинг харажатини президент Садир Жапаров кўтараётгани ҳақида маълумот тарқаган. Жапаров бу маълумотни рад этиб, у жабрланган аёлни суд текшируви тугагунча болалари билан кўп қаватли уйдан хонадон топиб беришни топширганини айтди.

«“Ас-Сафа” фондининг вакиллари “Савоб учун ўша ерга биз уй қуриб берайлик, рухсат беринг”, деб мурожаат қилишган экан. “Оллоҳ рози бўлсин”, дедим. Муборак рамазон кунларида савоб учун деб “Ас-Сафа” фонди қуриб беряпти. Бировнинг меҳнатини, савоб ишларини ўзимизники қилганимиз тўғри эмас. Мен қуриб бермаяпман. Шунчаки сабабчи бўлдим», — деб аниқлик киритди президент.

Ак-Ордо участкасидаги уйни сурдириш

Марал Шаболотованинг уйи қўшнисининг ёзган аризаси асосида 1 март куни кечда бузилиб, тўрт боласи билан «кўчада қолган». Жабрланган аёл 2018 йилдан бери шу ер учун қўшниси билан судлашиб келганини, аммо 2022 йилнинг октябрида Олий суд қўшниси фойдасига қарор чиқариб, улар уйни сурдиришга қарор қилишганини айтиб берган. Шундан сўнг аёл бу уйдан бошқа яшайдиган жойи йўқлигини айтиб, қирғизистонликлардан ёрдам сўраган. Бефарқ қарамаган фуқаролар унга вақтинча яшагани бўз уй тиклаб беришган.

5 мартда президент Садир Жапаров Ак-Ордо участкасига бош прокурор Курманкул Зулушев билан бирга бориб, ҳолатни текшириб, айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берган.

6 мартда Садир Жапаров «Ер-ҳуқуқий муносабатларни изга солиш ҳақидаги» қонунни бажарилиши бўйича ишчи йиғин ўтказиб, Чуй вилоятидаги мухтор вакили Нурис Алимбаевни ва Сўқулуқ тумани ҳокими Курбанбек Айтибаевни ишдан бўшатган.