Суюнчи! Айсулуу Тинибекова бешинчи бор Осиё чемпиони бўлди

111

Полвон Айсулуу Тинибекова Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилаётган Осиё чемпионатида ғолиб чиқди ва бешинчи бор Осиё чемпиони бўлди.

Тинибекова (62 кг гача) мусобақанинг 1/4 финал баҳсида ўзбекистонлик спортчини 13 сонияда мағлуб этди. Ярим финалда эса япониялик курашчини 2:2 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўлланмани олди.

Чемпионлик учун кечган баҳсда Монголиядан келган рақибини 9:4 ҳисоби билан ортда қолдирди.

Айсулуу Тинибекова — қирғиз кураши тарихидаги ягона икки карра жаҳон ва беш карра Осиё чемпиони. Токио Олимпиадасининг кумуш медали совриндори.

Остонадаги Осиё чемпионати

Қўшни Қозоғистон марказида ўтказилаётган ушбу нуфузли турнирда қирғизистонлик полвонлар ҳисобида жами 10 та медаль бўлди.

Тинибекованинг медали аёллар курашидаги учинчи медаль ҳисобланади. Аввалроқ Айпери Медет қизи (76 кг гача) кумуш, Калмира Билимбек қизи (59 кг гача) бронза медалини қўлга киритишган.

Мээрим Жуманазарова бронза медали учун кечган баҳсда бурни қонаб, қон тўхтамаганликдан Осиё чемпионатидан четлаштирилди.

9-10 апрелда бўлиб ўтган грек-рим курашида Акжол Махмудов (77 кг гача), Жоламан Шаршенбеков (60 кг гача) ва Акилбек Талантбеков (82 кг гача) учта олтин медални қўлга киритишган.

Узур Жусупбеков (97 кг гача) кумуш медални олиб келган бўлса, уч бронза медални Роман Ким (130 кг гача), Раззақ Бейшекеев (67 кг гача), Адилхан Нурланбеков (72 кг гача) қўлга киритди.

Ушбу Осиё чемпионатининг доирасида 13-14 апрель кунлари эркин кураш полвонлари гиламга чиқади.