«Азаттиқ»: «Қурилиш тўхтаган, ҳужжатлар йўқ». Алданган акциядорлар ҳукуматдан ёрдам сўради

177

Материалнинг асл нусхаси «Азаттиқ» сайтида эълон қилинган. Муаллиф Кундуз Кизилжарова.

Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев Бишкекда кўп қаватли уй қуриб беришни ваъда қилиб, аммо акциядорлар олдида мажбуриятини бажармаган ўндан ортиқ қурилиш компаниясининг «қора рўйхатини» тузди.

Шу сабаб халқ вакили фуқароларни бинонинг қурилиши бошланмай туриб сотиб олишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

Айрим қурилиш компаниялари Бекешевнинг сўзларини инкор қилиб, судга мурожаат қилишини билдирмоқда.

Аммо бугунги кунда пойтахтда кўплаган оилалар топган пулини бериб олган уйларига ҳужжат берилмай, тегишли коммунал тармоқларга қўшилолмай овора бўляпти.

Парламент депутати Дастан Бекешев Фейсбукдаги саҳифасига 10дан ортиқ қурилиш компаниясининг номини ёзиб, ҳар бирига улар қурилишини тугатмаган уйларнинг манзили билан кўрсатган.

Халқ вакили давлат органларининг масъулиятсизлигидан шундай ҳолат юзага келганини айтиб, энди масалага президент Жапаров аралашиши зарур деб ҳисоблайди.

«Парламентда қурилишга алоқаси бор депутатлар жуда кўп. Агар президент топшириқ берса, депутатлар қарши бўлишига қарамай, қонун лойиҳасини қўллаб беради. Фуқароларнинг ҳуқуқи бизнесдан юқори туради. Вазифасини бажармагани учун лицензияларини олиб қўйиши керак. Ҳар бир қурилиш компаниянинг ишига алоҳида қараб, шунга яраша қонун ёзиш зарурати юзага келди. Уларнинг жавобгарлигини кучайтирайлик. Қурилиш бошланишидан олдин кафолат воситасини кўрсатиб ёки суғурта қилиш лозим. Бу компанияларнинг муаммосини ҳукумат аралашмагунча биз ҳал қилолмаймиз» - деди Бекешев.

Депутат халқни уй сотиб олишда олд-ортига қараб, янги бошланган бинолардан уй-жой сотиб олишда эҳтиёт бўлишни маслаҳат берди. Агар харидор ишониб, қурилиш компаниясига пулини ушлатиб қўйса, бу қандай хавфли эканини тушуниши керак. Бекешев қонуннинг бир қанча нормалари мижоз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмайди деган фикрда.

Митингга чиққан акциядорлар. Сурат: Дастан Бекешевнинг Телеграм-канали.

Йил бошида Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қурилиш компанияларининг ишини изга солган қонун лойиҳасини ёзиб, депутатларга олиб келишини ҳам айтган.

Тўққиз йилда битмаган уй: Аризанинг фойдаси бўлмаган

Бишкекнинг турғуни Гулжан Акмежанова Калик Акиев ва Жоомарт Боконбаев кўчаларининг кесилишида жойлашган «На западе» деб номланган кўп қаватли уйдан хонадон оламан деб пул берган.

Улушчилар уларни аросатда қолдирган «Феркас строй»нинг эгаси, турк фуқароси Ахмет Кушни топиша олмаётганини айтишади.

Гулжан Акмеджанова. Сурат: «Азаттиқ».

«Уйнинг эгаси йўқ. У Қирғизистондами ёки бошқа давлатдами номаълум. Уй олганлар қийналдик. Энди яна катта пул йиғиб, уйни битириш ҳаракатидамиз. Лифт ишламайди, техник шароитлари йўқ. Электр ёруғлигини ва сувни ўзимиз туширдик, бундан бошқаси йўқ. Яшайдиган уйи йўқлар шароити бўлмаса ҳам шу ерда яшашга мажбур. Қурилиш 2014 йили бошланган, 2016 йиллари тўхтаб қолган, шундан бери ариза ёзамиз, натижа йўқ».

Туркия фуқароси Ахмет Куш «Феркас строй» компаниясини Юстиция вазирлигининг рўйхатидан 2014 йили ўтказган. Ўша йили 16 июлда Бишкек архитектураси унинг қурилиши ноқонуний деган маълумот тарқатган. Сабаби компаниянинг рухсат қоғозлари тўлиқ эмаслиги аниқланган.

Касира Мамбетакунова ҳам шу уйдан хонадон олган экан:

Касира Мамбетакунова. Сурат: «Азаттиқ»

«Уй қурилган ерни Ахмет Куш эгаларидан сотиб олибди, олдин ҳовли уйлар бўлган. Бизга ҳужжат жойида деб, хавотирга асос йўқлигини айтган. Қурилиш тўхтаганда муаммо борлигини билдик. Ахмет Куш уйни битириб берсин ёки жавобгарликка тортилсин. Ҳозир ҳужжатимиз ҳам, таъмири ҳам йўқ. Шу ердан уй оламиз деб банкдан насия олганлар ҳам бор. Энди уни тўлолмай қийналаётганлар кўп.

Ҳеч қандай шароити йўқ жойда қандай яшайсан? Президентга мурожаат қиламиз, муаммони ҳал қилиб беринглар. Ахмед Кушни бир неча марта ариза ёзиб, милицияга ушлатганмиз. Аммо у қандайдир йўлларни топиб, чиқиб кетган. Аризаларимиз Ленин туман милициясида ҳам бор, бироқ буни фойдаси йўқ».

Милиция «Феркас строй» қурилиши компанияси бўйича изоҳ бермади. «Азаттиқ» компания вакиллари билан боғлана олмаганини маълум қиламиз.

«Феркас Строй» компанияси 2014 йили бошланиб, аросатда қолган «На западе» турар-жой комплекси. Сурат: «Азаттиқ».

«Бизнинг ҳужжатларимизни ҳаммаси жойида»

Депутатнинг «қора рўйхат»ида кўп қаватли уй қурган «Аалам Строй» қурилиш компанияси ҳам бор. Бу компаниянинг Тиналиев кўчасидаги «Жал-Ордо» турар-жой комплекси 2016 йиллари қурилган, бироқ расмий эксплуатацияга берилмаган.

Турғунлар шартномада кўрсатилган газ қачон киритилади деб ҳамон кутишяпти. Иссиқлик ўтган йили декабрь-январь ойларида икки ой берилиб, яна тўхтаган. Айнура исмли яшовчи қурилишнинг сифатидан норози эканини билдирди:

«Менинг қўлимда турган шартнома бўйича 2017 йилнинг 31 майида қурилиш ишлари тугатилиб, 60 кун ичида эксплуатацияга берилиши керак эди. Уйларни олдик, аммо шартномада кўрсатилган газ, иссиқлик берилмади. Ваъдасини бажарсин. Масалан, иссиқликсиз қиш бўйича электр энергиясидан фойдаланиб, ҳар бир хонага иситиш воситасини қўйдик. Ойига 3,5-4 минг сомдан чиқди. Курашиб юриб ўтган йили кузда марказий иссиқлик тизимига қўшганмиз. Аммо унинг нархи бир хонали уй учун ойига 6-7 минг сомдан чиқди. Жуда қиммат. Энди шу қиммат иссиқлик ҳам йўқ».

«Азаттиқ» «Аалам строй» компанияси билан боғланганда ўзини Тилек деб таништирган ходим компания номига айтилган танқидни инкор қилди:

«Бизни нима сабабдан бу рўйхатга қўшганига тушунмаяпмиз. Сабаби бизнинг ҳужжатларимизни ҳаммаси жойида, ҳамма объектларимиз қуриб битирилди, турғунлар яхши яшаяпти. Номимизни қоралаган Бекешевни судга бермоқчимиз. Биргина «Жал-Ордо» комплексининг ери талаш бўлмоқда. Буни Олий судда исботланиб, ер сотганлар бизни алдаб кетгани аниқланди. Уйларга иссиқлик ҳам берилган, бизда юридик томондан ҳаммаси тўғри».

«Жал-Ордо» комплексининг турғунлари қурилиш сифатидан ҳам норози. Сурат комплекснинг ер тўласида олинган. Сурат: «Азаттиқ».

«Биз аралаша олмаймиз»

Давлат архитектура, қурилиш департаментининг директори Талантбек Иманакун барча жавобгарликни уй қурган қурилиш компаниялари зиммасига юклади.

«Қурилиш компанияларнинг бари қурилишни қонун доирасида бошлаган, фақатгина уйлар эксплуатацияга берилмаган. Бу муаммони бизга алоқаси йўқ, буни компаниялар ўзи ҳал қилади. Айрим компанияларнинг вакиллари фирибгарлик қилиб қочиб кетган, айримлари бир-бири билан уришиб кетган, бу фуқаролик тартибда кўриладиган масала бўлгани сабаб биз аралаша олмаймиз. Бизнинг реестрда қурилаётган объект сифатида рўйхатда туради, аммо бирорта ерда «фалон йилда, фалончи куни эксплуатацияга берилиши керак» деб ёзилган эмас. Қурилиш 10-15 йил давом этиши мумкин».

Давлат архитектура, қурилиш департаменти йил бошида Бишкек шаҳри бўйича умумий 30дан ортиқ кўп қаватли уйнинг қурилишини ноқонуний деб топган.

Шаҳарда қурилиши тўхтаб турган кўп қаватли уйларнинг аниқ сони номаълум. Ўтган ҳафтада Кок-Жар участкасида 2019 йилдан бери, Октябрь туманига қарашли Каралаев ва Шопен кўчаларининг кесилишида 2017 йилдан бери қурилиши битмай турган турар-жойларнинг улушчилари ҳам ҳукуматга мурожаат қилиб, масалани ҳал қилиб беришни сўраган. Улар билан депутат Бекешев учрашган.