Бишкек шаҳридаги аввалги №47 ахлоқ тузатиш колониясининг ўрнига қурилаётган кичик туман қурилиши, бир ярим йилдан кейин битирилиб, 5500 турар-жой давлат ипотекаси асосида берилади. Бу ҳақда 1-апрелда президент Садир Жапаров билдирди.
Жапаровнинг айтишича, ўтган йили Молдовановка қишлоғига кўчирилган ахлоқ тузатиш колонияси ўрнига қурилган уйлар, Давлат ипотека компанияси орқали 20 йиллик муддатга ипотекага берилади.
Шунингдек, давлат раҳбари ҳозирда Норин, Талас, Жалолобод вилоятларида ҳам кўп қаватли уйларнинг қурилиши бораётганини таъкидлаб, уларни ҳам навбатда турган фуқароларга давлат ипотекаси асосида берилишини айтди.
«Давлат хизматчисими, мигрантми ёки оддий тадбиркорми — фарқи йўқ. Қисқаси, бутун мамлакат бўйича «Менинг уйим — 2021-2026» дастурига мувофиқ, 2026-йилгача 50 мингдан кам бўлмаган оилани уй билан таъминлаймиз», — деб билдирди давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Жапаров, Бишкекдаги №1 тергов қамоғи ҳам шаҳар четига кўчирилиб, ўрнига кичик туман қурилишини билдирди.
Йил бошида президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев, Бишкекда собиқ №47 ахлоқ тузатиш колониясининг ўрнига 10 минг хонадонли кичик туман қурилишини билдирган.
Бу лойиҳа 2021-йили кузда бошланган «Менинг уйим 2021-2026» янги дастури асосида бормоқда. Унга кўра, тайёр уй олишни истаган давлат хизматчиларига насия 4% устама билан, иштирокчининг тўлай олиш имконига яраша 15-25 йил муддатга берилади.
Давлат хизматида ишламаганлар учун бу дастур бўйича турар-жой йиллик устамаси 8% билан берилади, бироқ бу йўналиш бўйича биргина Бишкек ва Ўш шаҳарларидан турар-жой олса бўлади.