Президент Бишкек мериясига яроқсиз автобусларни металлоломга чиқаришни топширди

168

Президент Садир Жапаров Бишкек шаҳар мериясига пойтахтдаги яроқсиз автобусларни тез орада металлоломга чиқаришни топширди. Бу ҳақда 1-апрелда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев билдирди.

Маълумотга кўра, давлат раҳбари Транспорт ва йўл инфраструктурасини ривожлантириш департаментини режадан ташқари текшириш учун борган.

Садир Жапаров «автобуслар қабристонида». Сурат: Эрбол Султанбаевнинг Фейсбук саҳифасидан.

Султанбаевнинг айтишича, президент топшириғи билан яқин орада пойтахтга янги автобуслардан иборат қўшимча партия келади. Бироқ муниципалитетнинг Транспорт департаменти ҳудудида шаҳардаги кўп йиллардан бери яроқсиз бўлган автобуслар туради.

«Шаҳарда транспорт масаласини секин-асталик билан ҳал қилиш билан бирга барча кичик автобуслар шаҳар четига чиқарилади. Президент барча яроқсиз, эски автобусларни тез орада металлоломга чиқаришни ва ҳудудни кенгайтириб, янги автобусларга жой тайёрлашни топширди», — деб билдирди матбуот котиби.

Шунингдек, у бошқарма ҳудудида қуриладиган техник хизмат кўрсатиш станциясини қурилишини тезлаштириш топшириғи берилганини қўшимча қилди. Билдирувга кўра, уни шартнома бўйича янги олиб келинган автобусларни чиқарган хитой заводи қуради.

Бишкек шаҳрида жамоат транспорти етишмовчилиги бир неча йиллардан бери муаммо бўлади. Амалдорлар турғунларга шароитга яраша хизмат кўрсатиш ва маршруткалар сонини қисқартириш учун пойтахтда камида 1300-1500 автобус ва троллейбус кераклигини айтишмоқда.

Ўтган йил бошидаги маълумотларга кўра, Бишкек мериясининг Шаҳар транспорт бошқармасининг автопарки балансида 476 автобус бор, уларндан 300 автобус ишга яроқсиз тўхтаб турибди. Ҳозирда шаҳарда ҳар куни 130 троллейбус ва 85 автобус қатновга чиқади.

Ҳукумат транспорт етишмовчилиги билан курашиш мақсадида жорий йил бошида Бишкек шаҳрига Хитойдан газ билан юрувчи 120 автобус сотиб олган.