Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳридаги ҳайвонот боғига номаълум одамлар арслоннинг икки боласини ташлаб кетишди. Бу ҳақда 2-апрелда «Бугу-Эне» жамоат фонди билдирди.
Маълумотга кўра, арслонларни 30-мартда тонгги соат 5:30 атрофида номаълум шахслар ҳайвонот боғининг дарвозасига боғлаб кетишган. Муассасанинг ходимлари арслон болаларига Томас ва Аля деб ном қўйишган.
«Уларни кичиклигида олиб келиб, кимгадир совға қилишган кўринади. Боқолмай қолиб, олиб келиб ташлашган. Ҳайвонларни нотўғри овқатлантириб, ночор боқишган. Қуёш нури ҳам етарли бўлмаган», — деб ёзилган маълумотда.
Билдирувда, Аляга кальций етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлиги айтилди. Томас эса Аляга қараганда кучли бўлгани билан унинг орқа оёқларида муаммо бор.
«Бугу-Эне» жамоат фондининг етакчиси Салтанат Сеитова «Клооп»га ҳозирда ҳайвонлар мазкур фонднинг Бишкекдаги реабилитация марказига олиб келинганини айтди.
«Арслонларнинг соғлигида муаммолар бор. Шу сабаб дарров яхши бўлиб кетмайди. Ҳозирча бу жониворлар кимнинг қарамоғида бўлиши номаълум. Халқдан ва жамоатчиликдан тушган маблағ билан боқиляпти», — деди Сеитова.
Мазкур фонд 2021-йилнинг 30-июлида кучли ёмғир сабаб ҳайвонот боғи таъмирга муҳтожлигини айтиб, жониворларни сақлаб қолишга ёрдам беришни истаган фуқароларга мурожаат қилган.
Бундан ташқари, фонд бир неча марта касал жониворларни даволаш учун жамоатчиликдан ёрдам сўрагани маълум.