Суд Бишкек марказида митинг ўтказишга қўйилган тақиқни 1-июлга қадар узайтирди

Бишкекнинг Биринчи май туман суди шаҳарнинг марказий қисмида митинг ўтказиш тақиқини 2023-йилнинг 1-июлигача узайтирди. Бу ҳақда суднинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотда, Бишкек мериясининг Биринчи май туман ҳокимиятининг 31-мартдаги тинч учрашувларни ўтказиш жойларини чеклаш ҳақидаги қарорини қонуний деб топиш бўйича аризасини қаноатлантиргани айтилади.

Митингларни қуйидаги жойларда ўтказиш тақиқланади:

  • Ала-Тоо майдони;
  • Эркинлик бульвари — Линейний кўчасидан Чуй проспектигача;
  • Президент администрация билан Жогорку Кенеш биноси олдида;
  • Панфилов парки;
  • Т. Турсунбаева номидаги сквер;
  • Олий суднинг олди;
  • Россия элчилигининг олди;
  • МХДҚ биносини олди.

Бу чекловларни давлат ва муниципал расмий тадбирларни ўтказишга алоқаси йўқ. Бошқа митинг ёки акциялар Максим Горкий номидаги истироҳат боғига ўтиши керак.

Бишкекнинг марказида митинг ўтказишни тақиқлаш 2022-йилнинг мартида киритилган. Бу қарорни шаҳарнинг Биринчи май туман ИИБи чиқарган, суд унинг қарорини қонуний деб топган.

Чекловлар Россия элчилиги олдида бир неча акция — Россиянинг Украинадаги урушга қарши ва Украинани қўллаш бўйича акциялар ўтгандан кейин киритилган.

Митинглар тақиқлангани сабаб омбудсмен Атир Абдрахматова баёнот бериб, суд қарорини асоссиз деб атаган.

У бу қарор Конституцияга ва қабул қилинган халқаро мажбуриятларга қарши бўлишини таъкидлаган. Унинг фикрича, бундай қарорлар ўлкани дунё ҳамжамияти олдида дискредитация қилади.