«Биз адолатга эриша олдик». Бишкекда аёлни машина билан уриб ўлдирган шахс 7 йилга ҳукм қилинди

164

Жорий йилнинг 30-январида Бишкек шаҳрида Тинистанов ва Фрунзе кўчалари чорраҳасида Миркул Айтбаевани машина билан уриб ўлдирган ҳайдовчи 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 1-апрелда Биринчи Май туман суди «Клооп»га маълум қилди.

Марҳумнинг ўғли Азизкан Алимбаев онасининг ўлимига сабабчи бўлган фуқаро қўлга олингани, адолат қарор топаётгани, бунга эришишда ёрдам берган барчадан миннатдор эканини айтди.

«Суд ўтди. [...] Биз машаққатли саъй-ҳаракатларимиз билан бугун адолатга эриша олдик. Жиноятчи 7 йилга озодликдан маҳрум этилди ва суд залида ҳибсга олинди. Барчангизга катта раҳмат», - деди Алимбаев.

Шунингдек, у бу воқеа «жамият онгига озгина бўлсада таъсир қилиб, унинг таъсирида халқ жабр кўрмаслиги, қонунбузарлар қўрқиб, адолат қарор топиши»ни таъкидлади.

Аввалроқ, шу йилнинг 19-март куни Алимбаев онасининг ўлимига сабабчи бўлган шахсни жазолашни сўраб президент ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган эди.

Унинг маълум қилишича, Honda Fit машина ҳайдовчиси Камилжон Маматов белгиланган тезликни ошириб, светофорнинг қизил чироғидан ўтиб, пиёдалар учун яшил чироқда ўтаётган онаси Миркул Айткуловани босиб кетган.

Унинг сўзларига кўра, онаси оғир тан жароҳати олиб, уч кундан кейин тўртинчи шаҳар шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Кейинроқ Бишкекнинг Свердлов туман суди аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчини уй қамоғига чиқарган ва марҳумнинг яқинлари эса бу қарорга норозилик билдирган. Улар ишни Биринчи Май туман судида қонуний кўриб чиқишни сўрашган.