Бишкекнинг бир мандатли округи бўйича парламент сайловига 18 миллион сомдан ортиқ маблағ сарфланади

144

28-майда бўладиган Бишкек шаҳрининг Ленин туман бир мандатли округи бўйича Жогорку Кенешга депутатлик сайловига 18 млн 636 минг 500 сом сарфланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссисияси билдирди.

Маълумотга кўра, муассасанинг харажати 13 млн 200 минг 500 сомни ташкил қилади. 5 млн 436 минг сом ҳудудий сайлов комиссияси билан сайлов участкасининг харажатларига ажратилади. Шунингдек, парламент сайловига 96 техник мутахассислар ишга жалб қилиниб, маош берилади.

Шунингдек, сайлов комиссиясининг ходимлари, идентификация бўйича операторлар ва тартибни назорат қилиш учун жалб қилинган ИИВнинг ходимларидан иборат умумий 102 кишининг овқатига кунига 500 сомдан берилади.

Аввалроқ Бишкекнинг Ленин туман бир мандатли сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови 28-майда ўтиши маълум бўлган. Бу фармонга 29-мартда президент Садир Жапаров қўл қўйган.

Муддатидан олдин сайлов ўтказишга, собиқ депутат Жанибек Абировнинг кафеда муштлашиши сабаб мандатини топширгани асос бўлган.

Шу йилнинг 13-мартида Жанибек Абиров, «кафеларнинг бирида назоратчини калтаклагани» айтилиб, жамоатчиликда муҳокама қилинган. 27-мартда у депутатлик ваколатларини ўз истаги билан топширган.

Абиров бўлиб ўтган «воқеа жиддийлигини тушунганини ва қонун доирасида жавоб беришга тайёрлигини» таъкидлаб, шу сабаб ўз истаги билан депутатлик мандатини топширишга қарор қилганини айтган.

27-мартда Кампиробод иши бўйича қўлга олиниб, қамоқда ўтирган сиёсатчи Равшан Жеэнбеков Абировнинг ўрнига сайловга қатнашишини билдирган.

«Аввалги сайловда Абиров ҳукумат кучи билан мендан устун келган. Мен қамоқда ўтириб иккинчи ўринни олганман. Ҳозир ҳам турмада қайта сайловга қатнашаман. Бу сиёсий кураш. Сиёсий курашни давом эттириш керак», — деб билдирган Жеэнбеков.