Жалолобод вилоятида кўчки, сел, тош қулаши хавфи бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли оммавий равишда хавфсиз жойларга кўчирилади. Бу ҳақда 29-мартда Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан билдиришди.
Маълумотларга кўра, мутахассислар баҳор фаслида вилоятнинг хавфли деб аталган ҳудудларида тадқиқот олиб бориб, аҳолини бошқа жойга кўчириш зарурлигини маълум қилган.
Кўчириш ишларига вилоят ва туман фуқаро муҳофазаси ҳамда кўчириш комиссиялари жалб этилиб, аҳолини бу ҳақда огоҳлантирди.
ФВВ маълумотларига кўра, Жалолобод вилоятида 1169 оила хавфли ҳудудларда истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Сузоқ ва Бозорқўрғон туманлари аҳолисидир.
Аввалроқ, 23-март куни Ўшнинг Ўзган туманида ер кўчки содир бўлиб, фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Карл Маркс қишлоғининг 195 нафар аҳолиси Қуршаб қишлоғига кўчирилган.
Унда кўчки билан аҳолининг уйлари ораси 300 метрга етгани хабар қилинган. Кейинроқ кўчки сурилиб, турар-жойларга 120 метрча яқинлашгани айтилган.