Озиқ-овқат хавфсизлиги. Қирғизистон ўғит сотиб олишда 180 млн сом зарарга учради

179
Иллюстрация: Алина Печенкина «Клооп» учун

2022-йил бошида ҳукумат мамлакатда минерал ўғитлар етишмаслигини айтиб, Ўзбекистондан селитра олиб келишни топширган. Лекин деҳқонлар мамлакат қўйган нархлар  қимматлигини айтиб, селитра сотиб олишдан бош тортишган. Аслида бозорда тақчиллик ҳам бўлмаган. Натижада ўзбек селитрасининг бир қисмигина катта чегирма билан сотилган. Ушбу харид ортидан Қирғизистон давлати 180 млн сомдан ортиқ зарар кўрди. «Клооп» бу келишувда яна қандай ноодатийликлар борлигини ўрганиб чиқди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёрдамга келяпти

Аммиак селитраси қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган  азотли ўғитларнинг асосийси ҳисобланади. Қирғизистонда селитра ишлаб чиқарилмайди – у Қозоғистон, Россиядан, арзонлигига қараб асосан Ўзбекистондан келтирилади.

Ўтган йилнинг март ойида Қишлоқ хўжалигининг вазири Аскарбек Жанибеков мамлакатда 150 минг тонна азот ўғитига эҳтиёж борлигини айтиб, селитра етишмаслигини тан олган.

«Бугунги кунда амалда азот ўғитининг 13,3 минг тоннаси мавжуд, бу эса таъминотнинг 9 фоизини ташкил этади», — деди Жанибеков ўша пайтда.

Ички бозордаги селитра тақчиллигини бартараф қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ўғитларни олиб келиш учун солиқни озайтирган. Таъсисчилари хусусий тадбиркорлар бўлган Қирғизистон Минерал ўғит ташувчилар уюшмаси (КАПУ) эса 80 минг тонна турли қишлоқ хўжалиги аралашмаларини сотиб олиш бўйича шартнома тузган.

Кўрилган чоралар самарали бўлган: март ойи охирида Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Азамат Мукашев мамлакатимизда ўғит тақчиллиги йўқлигини маълум қилган. Лекин ўғитлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган газнинг жаҳон нархининг ошиши туфайли қимматлаб кетган.

Ўшанда Мукашев деҳқонларга селитрани КАПУдан бевосита сотиб олишни таклиф қилиб, уни тежашга чақирган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси Мамрезервга селитра сотиб олиш учун қарийб миллиард сом ажратган.

Бу чора-тадбирларнинг барчаси деҳқонларнинг ўғитга бўлган йиллик эҳтиёжининг катта қисмини қоплаб, нархларни арзонлатиши керак эди. Бироқ деҳқонлар давлатнинг арзон селитрасини ҳам ололмай қолган.

Доллар курси кўтарилганда

Амалдорлар режасига кўра, Давлат моддий захиралари жамғармаси Ўзбекистондан селитра сотиб олиб, мамлакатимизга олиб келиб, деҳқонларга сотиши керак эди. Ундан тушган маблағни эса 2022-йилнинг июлига қадар давлат бюджетига қайтариши керак эди. Аммо режа амалга ошмаган.

Биринчидан, буджетдаги бир миллиард сом бор-йўғи 20 минг тонна ўғит сотиб олишга етган – бу режалаштирилган миқдорнинг учдан бир қисмигина. «Узкимёимпэкс» давлат корпорацияси билан 917,3 миллион сом (8,74 миллион доллар) миқдорида шартнома тузилган.

Келишув қачон амалга оширилгани маълум эмас: Давлат моддий захиралари жамғармаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Клооп»нинг бу борадаги саволларига жавоб беришдан бош тортишди. Лекин шартнома ҳисоб-китоби 2022-йилнинг 17-мартида амалга оширилган, шартнома эса деярли бир ой ўтиб, 11 апрелда имзоланган.

Бир қарашда, ҳайратланарли нарса йўқдай. Иқтисодчи, PEAK Bishkek Бишкек бизнес-инновация маркази вакили, Искендер Шаршеев бу аванс тўлови бўлиши мумкин деб тахмин қилди — унда харидор товарлар тўлиқ туширилгунга қадар сотувчига ҳақини тўлаб беради.

«Ушбу усул, асосан, харидор сотувчи товар етказиб беришига ишонч ҳосил қилганда ва хавфлар паст бўлганда қўлланилади», — дея тушунтирди у.

Бироқ март ойининг ўрталарида доллар курси энг юқори нуқтага етди: ўшанда бир доллар 105 сомга тенг бўлган. Шартнома имзоланган 11 апрелда эса курс 92,7 сомни ташкил қилган.

Селитрани икки баробар қиммат сотиб олишганми?

Давлат моддий захиралар фондининг маълумотига кўра, бир тонна аммиак селитрасини Қирғизистон 437$ долларга отиб олган. Бу Қишлоқ хўжалиги вазирлиги режалаштирган нархга мос келади. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ўзида Ўзбекистон хом-ашё товар биржасининг ҳафталиги маълумотига бўйича, А тоифасига кирган, қопга солинган энг қиммат селитранинг тоннаси 179 долларни ташкил қилган.

Нарх ичига халқаро етказиб бериш ҳам киритилган бўлиши эҳтимол. Аммо бу ҳақда қирғиз амалдорларидан маълумот олиш имкони бўлмади — «Клооп»нинг баҳолар бўйича барча саволлари жавобсиз қолди.

Давлат моддий захиралари фондининг берган жавобидан «Узкимёимпекс» билан Ўзбекистоннинг ҳудудидаги Киргили ва Бозсув станциялари орқали товарни мустақил етказиш шарти киритилган келишувга қўл қўйилган.

Тўлиқ  тўлаб, фақат тўртдан бирини олишган

Аммо бу келишувнинг энг ҳайратланарли томони бошқа. Қирғизистон ҳамкорлардан пули тўланган товарларни олмаган. Ўзбекистон «Узкимёимпэкс» компаниясининг экспорт бўлимидан «Клооп»га селитра етказиб бериш 2022-йил 30-мартидан 3-апрелигача амалга оширилгани – шу вақт ичида 5 минг тоннадан кам селитра етказиб берилганини билдиришди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам, Давлат моддий захиралари жамғармаси ҳам журналистларга нима сабабдан бундай бўлганини тушунтиришмади. Лекин улар Қирғизистонга пули тўланган ўғитнинг тўртдан бир қисмигина етиб келганини тасдиқлашди.

«Узкимёимпэкс» компанияси билан суҳбатлашганимиздан сўнг муаммога бироз бўлсада ойдинлик киритилгандек бўлди.

«Улар [Қирғизистон Давлат моддий захиралар жамғармаси] биздан қолган пулни қайтаришимизни сўрашди, биз эса қайтариб бердик», — деди «Клооп»га Ўзбекистон компанияси вакили. — Улар [пулни] жуда узоқ вақтда олишди. Улар 30-мартдан 3-апрелгача товарни олиб кетишди. Шундан кейин улар тинчиб қолишди. 2022-йил ноябрь ойида эса бизда қолган барча пулларни қайтариб бердик».

Қизиғи шундаки, баҳорда Вазирлар Маҳкамаси аммиак селитрасини сотиб олиш тўғрисида қарор чиқарганида, агар пули тўланган миқдорнинг барчаси етказиб берилмаса, пул қайтариб берилади деган талаб ҳам қўймаган. Фақат 2022-йил ноябрь ойида «Клооп» Давлат моддий захиралар жамғармасига сўров хати юборганида, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатга мамлакатга олиб келинмаган селитра учун 6,5 миллион долларни мажбурий қайтариб бериш пункитини киргизган. Сотиб олинган кундаги курсга кўра, 680 миллион сомни ташкил қилган.

Давлат моддий захиралар жамғармаси ҳам, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам Қирғизистон қанча пулни қайси курс билан қайтариб олганини тушунтиришдан бош тортишди. Лекин ҳар ҳолда хориж компанияси давлат маблағларини етти ойдан бери текинга фойдаланган бўляптику?!

Бу пулларни қайтариб олишда ҳам доллар курсини алмашувида бюджет 100 млн сомдан ортиқ чиқим қилди.

Яроқлилик муддати ўтган селитра ўз қийматидан ҳам арзонроққа сотилган

Деҳқонларнинг сўзларига кўра, 2022-йилнинг баҳорида Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари деҳқонларга Давлат моддий захираси омборларида селитра хусусий савдогарлардан кўра арзонроқ сотилади деб эълон қилинган. Аммо деҳқонлар давлатдан арзон ўғит олмаганлар.

Март-апрель ойларида импорт қилинган 5 минг тонна аммиак селитрасининг Давлвт моддий захираси бир килограммини 46,7 сомдан сотишга ҳаракат қилган. Ўша вақтда ўғитларнинг нархи таъминотчилар ассоциациясида паст бўлган. «Март-апрель ойларида биз килограмм учун 40 сом нарх қўйганмиз»,— деди КАПУ раҳбари Эрлист Акунбеков «Клооп»га.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Клооп»га маълум қилишича, 2022-йил декабригача Давлат моддий захираси 38 тонна аммиак селитрасини зўрға сотган бўлса ажаб эмас – бу Ўзбекистондан олиб келинган ҳажмнинг 1 фоизидан ҳам оз. Ўша вақтда давлат томонидан ўғит сотилаётгани ҳақида на бир ОАВда, на ижтимоий тармоқларда чиқмаган. Маълумот фақат Давлат моддий захиралари жамғармаси сайтида бўлган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам 2022-йил октябрь ойига келиб селитранинг ярим йиллик яроқлилик муддати ўтганини тасдиқлайди. Ноябрь ойида ўтказилган лаборатория текширувидан сўнг, селитранинг самарадорлиги «сақлаш қоидаларига эга эмас омборлар» туфайли пасайиб кетган. Бу жуда хавфли: чунки селитра узоқ вақт сақланса, портлаш хавфи ортади. Агар селитра портласа, зарар қайтариб бўлмайдиган бўлиши мумкин. 2020-йилда Бейрут портида 2700 тонна селитра портлаши оқибатида 190 киши ҳалок бўлган ва 6000 киши жароҳатланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги селитрани олти ойдан кейин ҳам қўллаш мумкинлигини, аммо бунинг учун унинг чиқим ўлчовини қўпайтириш керак деб айтмоқда. Демак унда, Давлат моддий захиралари жамғармаси товарларининг яроқлилик муддати ўтмаслиги учун деҳқонлар кўп миқдорда селитра сотиб олиб, шунга яраша кўп маблағ тўлаши керакми?

Лекин Давлат моддий захиралари фонди омбордаги эскириб бораётган селитрадан халос бўлиш учун нархини пасайтириб, 2023-йил март ойида аммиак селитраси тўлиқ сотилганини маълум қилган.

Бироқ «Клооп» омборларга қўнғироқ қилиб, суриштирганда, ўғит Балиқчи шаҳридаги омборларда қолиб кетганини аниқлаган. Қолган [омборлар] ҳақиқатан ҳам бўш экан, улар асосий ҳажмни килограммини 30 сомдан сотишган, бу биринчи белгиланган нархдан 35 фоизга арзон.

Шунда Қирғизистон нарх фарқи туфайли ҳам 80 млн сомдан ортиқ пул йўқотмоқда.

P.S.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (ПРООН) мутахассиси Аяз Жаркинбаевнинг тадқиқотига кўра, Қирғизистонда азотли ўғитлардан (жумладан, аммиак селитрасидан) фойдаланиш қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширмайди.

«Ўғит бошқа мамлакатларда қўлланилса, ҳосилдорлик ва меҳнат унумдорлиги ҳам ортади. Бизда бундай тўғридан-тўғри алоқа йўқ», — деди у.

Мутахассиснинг фикрича, мамлакатга фойдаланилганидан ҳам кўра кўпроқ ўғит келтирилади. Ортиқчаси қаерга сарфланиши номаълум, бироқ ОАВда Қирғизистондан Тожикистонга ноқонуний ўғит олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақидаги хабарлар мунтазам эълон қилинади.

Муаллифлар: Арууке Солтоной, Екатерина Резникова, Виктор Мухин