Кампиробод иши: Клара Сооронкулова пневмонияга чалинди

182

Кампиробод иши бўйича қамоқда ўтирган Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова пневмонияга чалинди. Бу ҳақда 27-мартда ҳуқуқ ҳимоячиси Эркина Убишева билдирди.

«Клара Сооронкулова операциядан кейин ТИЗОда бўлмаслиги керак деб огоҳлантирганмиз. Энди иммунитети суст бўлганда ТИЗОнинг санитария бўлими шифокорларининг аниқлашича, унда пневмония пайдо бўлди. Қийнашни тўхтатинглар!!! Тез орада касалхонага ётқизинглар!» — деб ёзди Убишева.

Бунга қадар омбутсмен Атир Абдрахматова ҳам Сооронкулова реабилитацияга муҳтожлигини айтган. У давлат органларни Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулованинг соғлигига эътибор қаратиб, тегишли чора кўришга чақирган.

«Сооронкулова операция бўлишига қарамай уни қамоқда сақлашаётганидан норози бўлди. Учрашувда операциядан кейин уни назоратда бўлиши қийинчилик туғдиради, шу сабаб реабилитацияга муҳтожлиги маълум бўлди», — дейилган Абдрахматованинг билдирувида.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларини фақатгина Сооронкулованинг аҳволи хавотирга солмаяпти. Улар 27-мартда Кампиробод иши бўйича қамоқда ўтирган бошқа фигурантларнинг ҳам мурожаатини эълон қилишган. Қўлга олинганлар омбутсмендан ва Қийноқларни олдини олиш миллий марказидан уларга мустақил врачлардан иборат комиссия тузиб беришни сўрашган.

«Гулнара Журабаева, Таалайбек Мадеминов, Чингиз Капаров ва Илгиз Шаменовга шифокорларнинг кўрсатмаларига қарамай, касалхонага чиқишга рухсат берилмаяпти. Оғир операциядан кейин Мамбетжунус Абилов билан Клара Сооронкулова реабилитация бўлмасдан, ҳеч қандай шароити йўқ турмага қайтарилди. Биз бунинг ҳаммаси ҳукуматнинг кўрсатмаси билан қилиняпти деб ҳисоблаймиз», — дейилади билдирувда.

Кампиробод иши

2022-йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйишган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва қўлга олинганларнинг яқинлари буни сиёсий таъқиб деб атаб, адолатли текширишни сўраб президентга мурожаат қилиб, бир қанча норозилик акцияларига чиқишган.

Тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитанинг учрашувидан ёзиб олинган аудиога таяниб, улар тўлиқ масштабли митингларни уюштириб (буни давлат қонунлари тақиқламайди), ҳукуматни босиб олишни исташган деб айтмоқда.

Бироқ қўлга олинганларнинг бари тергов айтаётган қўмитанинг учрашувида бўлмаган ва бари мазкур қўмитанинг аъзоси эмас. Аммо барча фигурантларнинг айблов хулосалари бир хил. Уларнинг ҳаммаси бир хил қарорлар асосида тўрт ойдан бери ТИЗОда.

2023-йилнинг январида ИИВ Кампиробод ишига тўлиқ яширин мақомини бериб, бу бундай қарор асоссиз деган адвокатларнинг норозилигига сабаб бўлган. 15-мартда Бишкек шаҳар суди махфийлик грифини қисман бекор қилган.