Жогорку Кенеш депутати Эрулан Кокулов пойтахтдаги «Промзона» клубига киришда бош кийими ва курткасини ечишдан бош тортиб, милиция чақирди. Бу бўйича 18-мартга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда воқеа жойида олинган видео тарқади.
Халқ вакили милиция чақирганини ҳуқуқи бузилаётгани билан тушунтирди.
«Бинога пулини тўлаб кирсам, кепкамни ва курткамни ечишимни талаб қилишяпти. Мени ҳуқуқим бузиляпти, шу сабаб милиция чақирдим», — деди у.
«Депутатнинг бу хатти-ҳаракати муносиб кўринишми?» деган саволга Кокулов видеонинг эгасига депутат сифатида эмас, фуқаро сифатида мурожаат қилдим деб жавоб берди.
Милиция ходимлари Кокуловга клубга кириш учун ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Клуб маъмурияти эса бинога бош кийим ва куртка билан кириш клуб қоидасини бузиш деб тушунтирди.
Яқинда депутат Кокулов билан «Кадастр»даги назоратчи ўртасида келишмовчилик бўлган. Гувоҳлар Кокуловни ходимларга баланд овозда мурожаат қилаётганини видеога олган. Ходим унинг бундай ҳаракатидан норози бўлган.
Кейинчалик депутат бу бўйича изоҳ бериб, муассасага оддий фуқаро сифатида борганини айтган. У назоратчи қўпол муомала қилиб, турткилади деб билдирган.
Аввалроқ 2-мартга ўтар кечаси депутат Жанибек Абиров ва 7-8 кишидан иборат гуруҳ Бишкекдаги «Олтин Аждар» ресторанида тезкор чора кўриш гуруҳининг икки ходимини «асоссиз» калтаклаган.
Натижада жабрланганларнинг бири қаттиқ жароҳатланиб касалхонага тушган. Жабрланувчининг бош мияси чайқалиб, кўзи жароҳатланган ва бурни синган.
15-мартда Жогорку Кенешда Абировни жавобгарликка тортишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқиш учун комиссия тузилган. Кейинчалик жабрланувчи аризасини қайтариб олиб, барча даъводан бош тортганини маълум қилган.