Жалолобод: Қозоғистонда 32 йил қулликда сақланган фуқаро қайтиб келди

209

Жалолобод шаҳрида Қозоғистонда 32 йил қулликда сақланган Номанжан Саматов юртига қайтиб келди. Бу ҳақда 16 мартда «Турмуш» нашри репортаж берди.

Маълумотга кўра, Саматов 1990 йили иш излаб Қозоғистонга бориб, паспортини йўқотиб қўйган. Шу сабаб юртига қайтолмай юрган.

«Қозоғистондан мен билан бирга 60дан ортиқ одам кетган. Баримиз Остона шаҳри билан Кокшетау шаҳри орасидаги қишлоққа бориб жойлашдик. [...] Биз борганда ҳаммамизнинг ҳужжатларимизни олиб, кўзимизни олдида ёқиб юборишди. Мен ошхонада ишлаб юрдим, қолган қирғизлар тикувчилик қилишди. Биз билан бирга борган ўзбек, тожик миллатидагилар новвойхонада ишлаб юришди. Қўлимизда ҳужжатимиз йўқлиги учун ҳеч қаерга кетолмай, ойлик олиш у ёқда турсин, қорнимиз тўқлигига қувондик», — деди у.

Саматов қочишга бир неча марта ҳаракат қилиб, назоратчининг қуролидан «оёғига ўқ еганини» айтди. 2022 йили Қирғизистон элчилигининг ёрдами билан ўлкага қайтиб келган.

«Бу ерга келганимда қариндошларим Россияда яшаётган экан, ота-онам вафот этибди. Паспорт олиш учун аҳолига хизмат кўрсатиш марказига мурожаат қилдим, бироқ жавоб йўқ. Бу орада оқибатли инсонларнинг ёрдами билан шаҳардаги меҳмонхоналарнинг бирида яшаяпман. Шаҳар мэриясига ҳам тураржой сўраб мурожаат қилдим, бироқ фуқаролигим йўқлиги сабаб беришолмас экан», — дейди у.

Жалолобод мэриясидан «Клооп»га ҳозирда Саматовнинг фуқаролик олиши учун ҳужжатлар тайёрланаётганини билдиришди.

Видео: «Турмуш»

2020-йили Қозоғистонда 25 йил меҳнат қуллигида юрган қирғизистонлик Элмира Корчиева юртига қайтиб келган. Дастлаб Корчиеванинг ўғли Қизил ярим ой жамиятининг Иссиқкўл вилоятидаги вакиллигига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ташкилот архивдан Корчиева ҳақидаги маълумотларни топиб, ҳужжат қилиб берган.

Кейин Қозоғистондаги қирғиз диаспораси билан Олмаотадаги бош консулликнинг ёрдамида Корчиева ҳужжатларини олиб чегарадан ўтган.