15-мартга ўтар кечаси Бишкекдаги ТИЗО-1да сақланаётган Кампиробод ишининг фигуранти Улукбек Маматаев касалхонага ётқизилди. Ҳозир у жонлантириш бўлимида оғир аҳволда. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасулова билан фаол Касиет Мамирбай билдиришди.
«Улукбек Маматаев кеча кечда ҳушидан кетиб, тез ёрдам билан шаҳар касалхонасига етказилган. Шифокорлар Маматаевнинг ўт қопчасида катта тош бор дейишяпти. Шунингдек, ўт қопчасида «водянка» бор экан, бу ёриладиган бўлса, нима бўлишини Худо билади. Ҳозир Улукбек аканинг аҳволи оғир, ўзига келмаган», — деди Касиет Мамирбай.
Адвокат Асел Аргимбаева Мамирбаев ҳозирча ҳушига келмаганини «Азаттиқ»қа билдирди. Адвокат унинг эҳтиёт чораси ўзгартирилмаганини айтмоқда.
«Ўзини яхши ҳис қилгунча касалхонада бўлиши мумкин», — деди у.
Маматаевдан ташқари, Кампиробод ишининг бошқа фигурантлари ҳам оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Аввалроқ Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова ҳам шифохонага ётқизилган ва операция қилингандан кейин шифокорларнинг тақиқига қарамай, қамоққа қайтарилган.
Фаол Перизат Суранова ва собиқ депутат Орозайим Нарматова ҳам касалхонага ётқизилгандан кейин соғлиги сабабли уй қамоғига чиқарилган. Шунингдек, мухолифатчи Равшан Жээнбеков ҳам касалхонага ётқизилган, амма унинг эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйишган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва қўлга олинганларнинг яқинлари буни сиёсий таъқиб деб атаб, адолатли текширишни сўраб президентга мурожаат қилиб, бир қанча норозилик акцияларига чиқишган.
Тергов Кампирободни ҳимоя қилиш бўйича қўмитанинг учрашувидан ёзиб олинган аудиога таяниб, улар тўлиқ масштабли митингларни уюштириб (буни давлат қонунлари тақиқламайди), ҳукуматни босиб олишни исташган деб айтмоқда.
Бироқ қўлга олинганларнинг бари тергов айтаётган қўмитанинг учрашувида бўлмаган ва бари мазкур қўмитанинг аъзоси эмас. Аммо барча фигурантларнинг айблов хулосалари бир хил. Уларнинг ҳаммаси бир хил қарорлар асосида тўрт ойдан бери ТИЗОда.
2023-йилнинг январида ИИВ Кампиробод ишига тўлиқ яширин мақомини бериб, бу бундай қарор асоссиз деган адвокатларнинг норозилигига сабаб бўлган. 15-мартда Бишкек шаҳар суди махфийлик грифини қисман бекор қилди.