МХДҚ Миллий госпиталь бош шифокорини коррупцияда гумон қилиб қўлга олди

160

Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Миллий госпиталь бош шифокори Токтобай Маанаев коррупция ва бошқа бир қанча ноқонуний ишларда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 15-март куни «Клооп»га МХДҚ хабар берди.

Маълумотларга кўра, гумонланувчига нисбатан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига зарар етказувчи ва уларнинг ҳуқуқларини чеклаб, имтиёзлардан маҳрум қилувчи турли коррупцион схемалар аниқланган.

«У тажрибали шифокор бўла туриб, шахсий манфаатларни кўзлаб, бўлим мудирлари ва шифокорларга чидаб бўлмас шартларни тузиб берган, тизимли равишда беморлардан пул олишга ҳамда унга пул ўтказишга ноқонуний мажбурлаган, шунингдек, бир марталик талабномалар ҳам қилган», — дейилади махсус хизмат хабарида.

Бундан ташқари, Маанаев тиббиёт ходимларидан пул талаб қилган 20 дан ортиқ ҳолат маълум бўлган. Қўмита маълумотларига кўра, гумонланувчи давлат харидларидан бюджетга 40 миллион сомдан ортиқ зарар етказган.

Ҳозирда юқорида қайд этилган схемаларга алоқадор мансабдор шахслар ва бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Transparency International ташкилотининг ўтган йилга нисбатан коррупция даражаси бўйича рейтингинда Қирғизистон 2021-йилдагидек 100 баллнинг ичидан 27 балл олган. Бошқача айтганда, 185 давлат ичида 140-ўринни эгаллади.

Демак, мамлакат охирги ўринга қанчалик яқин бўлса, коррупция даражаси шунчалик юқори бўлади.

Миллий статистика қўмитасининг 2022-йилнинг иккинчи ярим йиллиги якунлари бўйича берган маълумотларига кўра, Қирғизистон фуқаролари Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат қурилиш департаментини энг коррупцияга учраган органлар деб атаган.