Сўқулуқ: 31 ёшли эркак 15 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланиб қўлга олинди

174

Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманида 15 ёшли қизни зўрлаганликда гумонланиб, 31 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда 4- март куни вилоят милиция «Клооп»га маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 29- январь куни Сўқулук шаҳрида яшовчи фуқаро номаълум шахс унинг 15 ёшли қизини зўрлагани ҳақида милицияга ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат Сўқулуқ туман милицияси томонидан қайд этилиб, «Зўрлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Милиция ходимлари томонидан қидирув ишлари олиб борилиб, 1992-йилда туғилган шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинди.

У вилоят милициясининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, 28- февраль куни Бишкекдаги олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси 17 ёшли қизни зўрлашда гумон қилиб сўроқ қилган эди. Хабар қилинишича, у 1- март куни милиция томонидан қўлга олинган.

Болаларга нисбатан зўравонлик

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2022-йилда мамлакатимизда болаларга нисбатан зўравонлик факти бўйича 438 та жиноят иши қўзғатилган. Шу билан бирга, ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йил сайин ортиб бораётганини айтган.

Ўтган йилнинг 12- август куни Президент Садир Жапаров болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолаган эди.

Агар сиз болаларга нисбатан зўравонликка дуч келсангиз ёки гувоҳ бўлсангиз, «Болалар ишонч телефони» 111 рақамига аноним ва бепул қўнғироқ қилишингиз мумкин. Марказ бутун мамлакат бўйлаб қўнғироқларни қабул қилади ва 24/7 ишлайди.

Улар сизга маслаҳат ва психологик ёрдам кўрсатишлари мумкин. Агар сизга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ёрдам керак бўлса, сўровингиз уларга юборилади.

Зўравонликка учраган болаларга ёрдам берадиган марказлар ҳам мавжуд. У билан қуйидаги манзиллар орқали боғланишингиз мумкин:

  • Бишкек шаҳри, Карасаев кўчаси №73. Телефонлар: 0312 442510, 0312 442574, 0312 542934
  • Ўш вилояти, Ўш шаҳри, Гапар Айтиев кўчаси, 5/1. Телефон: 03222 62288
  • Талас вилояти, Талас шаҳри. Телефон: 0778 4366775
  • Иссиқкўл вилояти, Қоракўл шаҳри, Жамансариев кўчаси Но163. Телефонлар: 03922 50405, 03922 50212
  • Иссиқкўл вилояти, Туп қишлоғи, Иссиқкўл кўчаси 33-сон.