Боткен туманида маъмурий биноларни қуришга 15 гектар ер ажратилди

191
Ер бўлиштириш вақти. Сурат: «Турмуш» нашри

Боткен туманида олти маъмурий бинонинг қурилишига умумий 15 гектар ер берилди. Бу ҳақда 3-мартда «Клооп»га туман маъмуриятидан билдиришди.

Маълумотга кўра, унда Кара-Булак қишлоқ ҳукуматининг Бужум қишлоғига қуйидаги маъмурий биноларни қурилиши режалаштирилган:

  • Боткен туман давлат маъмурияти;
  • Кадастр давлат муассасасининг туман филиали;
  • Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази;
  • «Кыргызтелеком»;
  • Боткен туман оилавий шифокорлар маркази;
  • Боткен туман сув хўжалиги бошқармаси.

Бугунги кунда ажратилган ерларни трансформациялаш ишлари якунланиб, мутахассислар ер бўлиштиришмоқда. Мазкур объектларнинг қурилиши бу йил якунланиб, ишга туширилиши айтилди.

Туман администрациядан қурилишга умумий қанча маблағ ажратилиши номаълум эканини билдиришди.

«Ҳозир фақат ерларни бўлиштириш ишлари бормоқда. Мазкур ишхоналарнинг олдинги бинолари [1999-йили Боткен] вилоят бўлиб тузилганда вилоят муассаса-ишхоналарга ўтиб кетиб, бир бинода бирга ёки ижарада бўлишган. Энди ўзларига тегишли биноларни қуришади», — дейилади маълумотда.

Боткен вилоятининг Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида масштабли қуролли тўқнашувлар бўлган. Натижада юзлаган турар-жойлар ва ўнлаган маъмурий бинолар жабрланган.

Ҳукумат бузилган биноларни тез орада тиклашга ваъда бергани билан маҳаллий яшовчилар қурилиш суст бораётганини ва сифатсиз эканидан норози бўлишган.

Бунга қадар қурилиш кечикиши сабаб Жогорку Кенеш депутатлари ҳам тегишли компанияни жавобгарликка тортишни талаб қилишган.