Ташқи ишлар вазири: Қирғизистон демократик бошқарув шаклини янада шакллантиришда давом этади

160

Қирғизистон  бундан кейин ҳам кучли демократик бошқарув шаклини яратиш ва ҳуқуқий давлат қуришда давом этади. Бу ҳақда 2-март куни Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 52-сессиясининг Юқори даражадаги сегментида сўзлаган нутқида маълум қилди.

Кулубаев Қирғизистон бундан кейин ҳам яна миллий қонунларини халқаро ҳуқуқ нормалари билан уйғунлаштириш, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини реформалаш, сайлов тизимини такомиллаштиришда давом этишини таъкидлади.

Бундан ташқари, ТИВ раҳбари мажлисда Президент Садир Жапаров халқаро ривожлантириш бўйича ҳамкорларини мамлакат ташқи қарзини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш лойиҳаларига алмаштириш бўйича фаолиятни фаоллаштиришга чақирганини айтди.

Аввалроқ Жапаров Қирғизистон қарздор бўлган ҳамкор давлатларга ва молия институтларига ташқи қарзни тўлаш ўрнига «яшил»  лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши кераклигини айтган эди.

Январь ойи охирида президент матбуот котиби давлат раҳбарининг бу борадаги мурожаатига дастлабки жавоблар келаётганини таъкидлади.

Кулубаев ўз нутқида COVID-19 пандемиясининг глобал иқтисодиётига кўрсатган оғир таъсиридан сўнг, ривожланаётган мамлакатларнинг ташқи қарзлари кўпайиб, уларни ташқи қарзлар олиш орқали тараққиётга эришиш имкониятидан маҳрум қилиб, инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ривожланишига тўсқинлик қилмоқда деб билдирди.

2022 йил февраль ойида Economist Group – The Economist Intelligence Unit номли тадқиқот ва таҳлилий бўлим дунё мамлакатларидаги демократия даражасига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Нашр ўз ҳисоботида Қирғизистонни авторитар давлатлар қаторига киритган.

2021-йилда Фуқаролик жамиятининг CIVICUS глобал алянси дунёда фуқаролик жамиятларининг 2021-йилдаги аҳволи тўғрисидаги ҳисоботида Қирғизистонда Жапаров даврида авторитар бошқарув мустаҳкамланганини қайд этган.

Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги пайтларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганини қайта-қайта таъкидлаган. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ташкилоти, дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари аҳволига оид йиллик ҳисоботида Қирғизистонда «қирғиз ҳукумати йил бўйи “танқидий овозларни” ҳамда фуқаролик жамиятини камситиш иши юргизилгани, шунингдек фаолларни қамоққа олган ҳолатлар кучайганини» ёзиб чиққан.

Январь ойи охирида матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи етти халқаро ташкилот Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Қирғизистонда бўлаётган «журналистларга қарши репрессиялар ҳамда сўз эркинлигини босиш кучайиб кетаётганига» хавотирланаётганларини билдиришган.

Расмийлар Қирғизистонда сўз эркинлигига босим йўқлигини, мустақил матбуотнинг тўлақонли фаолият юритиши учун барча шарт-шароит мавжуд эканини қўшимча қилган.