25 февралда Президент Садир Жапаров халқ таълими вазири вазифасини бажарувчи Канибек Иманалиев билан учрашди. Жапаров ўз маслаҳатларини бериб, собиқ вазир Алмазбек Бейшеналиевнинг хатоларини эслатди.
«Биз аввалги вазирга ишонганмиз, эслаган бўлсангиз керак. Афсуски, пора олиб қўлга тушди, ўша вазир истеъфога чиқди», — деди Жапаров.
Аммо Жапаров «инсон барбир банда экан, Бейшеналиев яхши министр» бўлган деб ҳисоблайди.
«У келажакка интиладиган, илғор, яхши вазир эди, бугунги замон талабларига жавоб берадиган бошқарувчи, ислоҳотчи вазир эди, афсуски, инсон барбир банда экан, ўзидан кетиб қолди. Сизни ишонганим учун бу лавозимга қўйдим, пора олмайсиз, тоза ишлайсиз», — деди Жапаров.
Канибек Иманалиев — публицист, Жогорку Кенешнинг тўртинчи чақириғида депутати бўлган. Шунингдек, у бир қанча юриш ва тинчлик митингларида қатнашган. Масалан, 2020-йилда Конституцияга ўзгартириш киритишга қарши чиқишларда иштирок этган.
2020-йилги парламент сайловларида Матраимовлар клани билан боғлиқлиги айтилаётган «Мекеним Кыргызстан» партияси йиғилишида ҳам кузатилган. Бироқ, Иманалиев унинг таркибига кирган эмас.
24 февралда президент Садир Жапаров уни таълим вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган.
Бейшеналиевнинг ҳибсга олиниши
Алмазбек Бейшеналиев 28-сентябрда 10 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтида қўлга олинган. ИИВ маълумотларига кўра, Бейшеналиев хорижлик талабаларни мамлакатдаги олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича фармойишларни тайёрлаш учун жами 110 минг доллар талаб қилган.
10 минг доллар миқдорида сумма Бейшеналиев қўлга олинган еридан конфискацияланган. Қолган пулларни амалдор, ИИВнинг билдиришича, тергов вақтида ўз хоҳиши билан қайтариб берган.
Сентябр ойи охирида суд Бейшеналиевни 2022-йил 28-ноябргача ҳибсга олган. Кейинроқ Жапаров уни вазирлик лавозимидан озод этиб, унинг ўрнига Уланбек Мамбетакуновни тайинлаган.
Октябрь ойи охирида Бейшеналиев уй қамоғига олинган.