Яқин уч йил ичида барча хавфсизлик ходимлари ипотека уй-жой билан таъминланади - Садир Жапаров

141

Президент Садир Жапаров яқин уч йилда милиция, прокуратура, МХДҚ ва чегарачиларни ипотека уйлари билан таъминлашга ваъда берди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, божхона ва назорат органлари раҳбарларига олий унвонларни топшириш маросимида маълум қилди.

«Уйлар масаласини ҳал қиляпмиз, келаётган уч йил ичида, худо хоҳласа, ИИМ тизимида, МХДҚ, прокуратурада, чегарачилар ҳам уйи йўқ бир дона ҳам одам бўлмайди. Давлат ипотекаси орқали биз 20-25 йилгача уйларни берамиз. Ҳар бир ходимга, оддий ходимларга ҳам. Ҳозир навбатда туришибди, берамиз. Йилнинг охиригача 15 мингтага яқин уй солиб бўлинади. Кейинги йилга эса яна 50-60 мингтача кишига, жумладан давлат ходимларига уй берамиз», —деди давлат раҳбари.

Расмийлар хавфсизлик кучларига янги квартиралар беришни бошлади. Ўтган йилнинг август ойида Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларига янги уйлар калитини топширган эди. Бишкекда чекистлар учун янги кўп хонадонли уй қурилган.

Президентнинг матбуот хизматидан, турар­­-жой 306 оилага мўлжалланганини билдиришган. Уй бир ярим йил ичида ичида қурилган. Бир квадрат метрининг нархи 300 АҚШ долларини ташкил этади.

Орадан бир ой ўтиб, сентябрь ойида Жапаров Жалолобод вилоятидаги чегарачиларга янги квартираларнинг калитларини топширган. Қайд этилишича, бюджетдан 100 миллион сом маблағ эвазига 36 оилага мўлжалланган уй-жой қурилган.

Бироқ бу хонадонлар чегарачиларга қандай шароитда берилгани аниқ эмас.

Аввалроқ президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев Бишкекдаги собиқ 47-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ўрнига 10 минг хонадонли кичик туман қурилиши ҳақида маълум қилган эди. Уйлар Давлат ипотека компанияси орқали берилиши айтилган.

Президент Алмазбек Атамбаев даврида хавфсизлик кучларига фаол равишда уй-жой берила бошлаган эди. Унинг таъкидлашича, мамлакатни таҳдидлардан ҳимоя қилувчи «куч тузилмаларига максимал даражада эътибор қаратиш лозим». Собиқ президент «бу уйлар турли давлатлар грантлари ҳисобига қурилганини» айтган.