25-февралда вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Қирғизистон ташқи қарзини ҳозир тўлашга тайёр эканини билдирди. Бироқ ҳукумат нима сабабдан бундай қилмаётганини, «эрта тўласа фоизи кўпайиб кетиши» билан тушунтирди.
Жапаров миллий телерадио корпорациясига интервью бериб, «Қумтўр»дан 45 тонна олтин ва 8 тонна кумуш йиғилганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир улар миллий банкда сақланмоқда.
Шунингдек, у кондан 19 тонна олтин ўғирлангани ёки ўғирланмагани ҳақидаги журналистнинг саволига «Қумтўр»нинг ишини текширган комиссияни «бир грамм олтин ўғирланмаслигига кўзи етди» деб жавоб берди.
«Бундай масъулиятсиз гапни Адахан Мадумаров айтгани эсимда. Ўша вақтдаёқ президентимиз: "Депутатлар комиссия тузинглар. Мадумаровни бошчи қилинглар. Бориб текшириб келиб, натижасини халққа маълум қилинглар" деган таклифни киритган. Комиссия тузилган. Бироқ Мадумаров комиссияни бошқаришдан бош тортган. Кейин Исхак Масалиевни қўйишган. Кейинчалик у ҳам рад этиб, Арсланбек Малиевни қўйишди», — деди у.
Жапаров «Қумтўр» ишини текширувчи комиссияни бошқаришдан «бош тортган» Мадумаров ва Масалиев ҳақида «масъулиятни ҳис қилмаган сиёсатчилар шундай бўлади» деган фикрни билдирди.
«Халққа яхши кўриниш учун ёлғонни гапириб қўйишади. Судга берсанг жавобгарликка тортилишади. "Сиёсий таъқиб бўлмоқда" деб бақириб чиқишади. Бизда шундай кўриниш шаклланиб қолган. Шунинг учун сиёсатчилар ёлғон гапиришни тўхтатса бўларди», — деди у.
Бунга қадар «Қумтўр»нинг ишини текширган комиссиянинг аъзоси Балбак Тулобаев «агар президент Садир Жапаров хоҳласа Хитойнинг 1,8 млрд доллар қарзини ҳозир тўлаб қўяди» деб билдирган.
«Президентнинг олиб бораётган иқтисодий сиёсатини 95% қўллайман. [Миллий банкда] 8 тонна кумуш ва 45 тонна олтин бор. Мен ҳисоблаб кўрдим, [бу] 4 млрд долларга яқин пул бўлади», — деган депутат.
Молия вазирлигининг 2022-йилнинг ноябридаги маълумотига кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,2 млрд долларни ташқил қилади. Ундан 1 млрд 760 млн доллари — Хитойнинг қарзи.