Айзада Канатбекованинг ўлдирилиши: 27-февралда Бишкекда ҳужжатли фильм премьераси бўлади

168

27-февралда Бишкекдаги «Ала-Тоо» кинотеатрида «Who is next?» («Кейингиси ким?») номли ҳужжатли фильмнинг премьераси бўлади. Унда ўғирлаб ўлдирилган Айзада Канатбекова ҳақида айтилади. Бу ҳақда «Сорос–Кыргызстан» фондидан билдиришди.

Фильм премьераси 19:00да бошланади. Кириш бепул.

«Фильмда қизларни мажбурлаб никоҳлаш учун олиб қочиш қандай оқибатларга олиб келиши ва нима учун жиноят экани кўрсатилади. Фильм биргина воқеани таҳлили эмас, Айзаданинг онаси — Назгул Шакенованинг фожеаси ҳақида ҳам», — дейди фильм режиссёри Нуржамал Карамолдоева.

Унинг айтишича, фильмдаги муҳим мавзуларнинг бири — тергов ишларидаги милиция ходимларининг лоқайдлиги. Бу иш Айзада ўлдирилгандан кўп ўтмай қўзғалган, аммо тергов охирига етмаган.

Фильмни тасвирга олиш ишлари 2021-йилнинг октябрь ойида бошланган. 2022-йилнинг охирида фильм халқаро кино фестивалларига қатнашган. Фильмни «Сорос-Кыргызстан» фондининг ва АУЦАнинг ёрдами билан «Paradigma N» студияси тасвирга олган.

Айзада Канатбековани ўғирланиб, кейин ўлдирилиши

Айзада Канатбекова 2021-йилнинг 5-апрелида тонгги соат 5да ўғирланган. Унинг онаси Назгул Шакенованинг айтишича, у милицияга мурожаат қилганда, улар "аччиқ босар келади, тўй ейсизлар, нимага ҳавотир бўляпсизлар" деб кулишган.

Айзаданинг онаси қизини ўғирлаганларни билгани учун уни кимлигини милицияга айтган — у бунгача Айзада Канатбековани ортидан юриб, ўғирлаб кетишга ҳаракат қилган, бир неча марта судланган Замирбек Тенизбаев бўлган. Бу ҳаракатлардан қўрққан қиз Қирғизистондан кетишга қарор қилган — у Туркияга чипта ҳам олиб қўйган.

Жиноятни кўчада илинган камералар тасвирга олган — машинанинг рақами ва неча киши ўғирлагани маълум бўлган.

7-апрелда Бишкекка яқин жойдаги даладан автомашина топилган, унинг ичида қизнинг жасади бўлган. Ўша машинадан, Айзадани олиб қочган Замирбек Тенизбаевнинг ҳам жасади топилган. Машина бу ерда бир неча кундан бери тургани маълум бўлган. Бироқ қизнинг ўлиги топилишидан бир кун олдин терговчи Айзаданинг онасига қизи тирик ва соғ-саломат эканини айтиб ишонтирган.

Қизни ўғирланиб, кейин ўлдирилиши ва милициянинг ҳаракатсизлиги жамоатчиликни ларзага солган ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ишига норозиликлар яратган.

Қизнинг жасади топилган куннинг эртасига ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ҳаракатидан норози бўлган юзлаган фуқаролар Ўш ва Бишкек шаҳарларида митингга чиққан. Йиғилганлар Бишкек ШИИБ бошчиси Бакит Матмусаев билан Ички ишлар вазири Улан Ниязбековни истеъфосини талаб қилишган.

2021-йилнинг 10-апрелида ИИВнинг 12 етакчиси ва ходими ишдан бўшатилган, 27 милиционер «хизматга тўлиқ муносиб эмаслиги ҳақида огоҳлантириш» тартиб жазосини олган. Шунингдек, 5 ходимга «жиддий ҳайфсан берилган».

Уларнинг орасида Бишкек ШИИББининг етакчиси Бакит Матмусаев, унинг ўринбосари Эрлан Атантаев, Биринчи май ТИИБнинг бошчиси Акилбек Казакеев ва қидирув ишларига бюрократик ҳаракатлар тўсқинлик қилди деган тергов хизматининг бошчиси Нурлан Утемисов эгаллаган хизматидан бўшатилган.

Айзада Канатбекованинг ўлимига боғлиқ жиноий иш уни ўғирлаб, кейин ўлдирган Замирбек Тенизбаев вафот этгани сабаб тўхтатилган. Тенизбаев ўз жонига қасд қилган.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланган беш одамни айбдор деб топган. Уларнинг бари 6,5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Улар бу қарордан норози бўлишган, бироқ Бишкек шаҳар суди биринчи инстанциянинг қарорини кучида қолдирган.