Қамоқдаги Илгиз Шаменов даволанишга муҳтож эканини билдирди

155

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олиниб қамоқда ётган фаол Илгиз Шаменов соғлиғи “кескин” ёмонлашганини билдирди. 25 феврал куни у фейсбукдаги саҳифасида даволанишга муҳтожлигини ёзган.

Фаол Бош прокурор Курманкул Зулушев, Юстиция вазири Аяз Баэтов, ЖИХ раҳбари Аскат Эгембердиев, Омбудсман Атир Абдрахматова ва Қийноқларнинг олдини олиш маркази раҳбари Бакит Рисбековга мурожаат қилди.

Шаменов 120 кундан бери ҳеч қандай шарт-шароитсиз қамоқда ўтирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қандли диабетга чалиниб, буйраги оғриб, сийдиги қон аралаш чиқмоқда.

«Хусусий диагностика клиникасига анализ топширдим, натижада зудлик билан даволанишим кераклигини айтишди. Аммо афсуски, ТИЗО-1га янги келган Азамат санитар бўлим бошлиғи, ЖИХнинг тиббиёт бўлими муолажаларимга тўсқинлик қилмоқда». — деди у.

Фаолнинг айтишича, Азамат исмли шахс «қаерда эканлигингни унутма, сени даволанишга чиқармайман», деб қўрқитган. Унинг қўшимча қилишича, қамоқхонада «ҳатто соғлом одам ҳам касал бўлиши мумкин».

Шаменовнинг фикрича, ТИЗО-1да ихтисослашган ва малакали шифокорлар йўқ. Шунинг учун у ўзи ишонган, даволаниб юрган шифохонага ўтказиш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.

«Кампиробод берилмасин, деган сўзимиз учун қамалганимиз етмаганидек,  даволанишга ҳам ҳаққимиз йўқми? Ёки Қирғизистоннинг тубига етиб борган Акаев ва Бакиевлардан ҳам хавфлироқмизми? Биз одамларни ўлдирганмидик ёки давлатни талон-тарож қилиб, хазинага ҳужум қилдикми? Мен буни ғайриинсоний муомала деб биламан», — деб шикоят қилди фаол.

Шаменов бунга қадар ҳам қамоқда таҳдидлар бўлаётганини айтиб ТИЗО-1дан хат ёзган. У утирган камерага ўз онасини 90 марта пичоқлагаб ўлдиришда гумонланиб қамалган, руҳий ҳаста кишини киргизиб қўйишганини таъкидлади.

Кампиробод иши

Илгиз Шаменов октябрь охирида Кемпиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар билан бирга ҳибсга олинган эди.

ИИВдан улар «оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёргарлик кўришда» айбланаётганини билдиришган. Қамалганлар айблари йўқлигини, уларга қарши ишлар «тўқима» деб айтишмоқда. Улар Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтиб чиққанлигидан таъқиблар бўляпти деб ҳисоблашади.

Қамалган фаоллар билан сиёсатчиларни суд икки ойга қамоққа олиб, 15 февралда кўпчилигини эҳтиёт чорасини ҳам икки ойга узайтирган. Шунингдек бир неча фаол уй қамоғида қолдирилиб, айримлари шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26-27 январда давлат сафари билан Қирғизистонга келган. Унда икки давлат президенти Кампиробод сув омбори бўйича келишимга қўл қўйган.