Вазирлар Маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров Боткен вилояти раҳбарларига Chevrolet Captiva хизмат автомобилларини топширди. Бу ҳақда 25 февраль куни вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати хабар берди.
Янги автомашинани Боткеннинг Қадамжой тумани ҳокими, Сулукту, Қизил-Қия ва Боткен шаҳарларининг раҳбарлари олишди. Жапаров хизмат автомашиналарига PGS тизими ўрнатилгани ва улар назорат қилиниши ҳақида огоҳлантирди.
«Янги хизмат автомашиналарини топширар эканман, Президент Садир Жапаровнинг топшириғини эслатиб ўтаман. Вазифаларингизни тўғри бажаринг ва уялтирмай, хизмат қилиб беринглар», — деди у.
Президентнинг иш бошқарувчиси Канибек Туманбевнинг айтишича, хизмат автомобиллари мамлакат бўйича янгиланмоқда.
«Аввалги эски техникаларнинг айримларидан фойдланиб бўлмайди. Фойдаланишга кетган ҳаражатга қараганда таъмирлашга кўпроқ пул кетаётган эди», — деди у.
Шу сабабдан Президент иш башқармаси туман ҳамда олис ҳудудлар учун Chevrolet Captiva русумидаги 90 автомобил сотиб олган.
Ўтган йилнинг март ойида Молия вазирлиги давлат муассасалари ва таълим муассасаларига биноларни таъмирлаш ҳамда хизмат автомобилларини сотиб олишни тақиқлаган эди. Президент Садир Жапаровнинг бюджет харажатларини оптималлаштириш тўғрисидаги фармони асосида шундай қарор қабул қилинган. Бироқ тақиқ қанча давом этиши айтилмаган.
Фармонда давлат раҳбари давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан «бюджет маблағларини тежаш учун ички захираларини топишга жиддий эътибор қаратилмаяпти» деб таъкидлаган.
«Республика бюджети маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш механизмлари самарадорлигининг пастлиги бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, камомад ва ўғирлик ҳолатларига олиб келмоқда», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.