Талас: 11 ёшли қизга шилқимлик қилишда айбланган киши олти йилга ҳукм қилинди

134

Талас вилоят суди 11 ёшли қизга зўравонлик қилишда айбланган шахсни олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Аялзат» жамоат фондининг юристи Луиза Суюнтбековага таяниб 24.kg нашри ёзди.

Унинг айтишича, суд айбланувчини ҚР Жиноят кодексининг «Ифлос ҳаракатлар» моддаси билан айбдор деб топди.

«Айбланувчи олти йилга озодликдан маҳрум қилинди ва кучайтирилган тартибда жазо ўтайди. Суд залидан қамоққа олинди», — деди Суюнтбекова. Жабрланган қизнинг онаси 24.kg нашрига айбланган одам уларнинг қўшниси эканини, жиноят 2022 йили ёзда бўлганини айтди.

«Биз олдиндан қўшнимиздан қўрқардик, сабаби у судланганини билардик. Воқеа бўлган куни [қизим] уйда ёлғиз бўлган. Кейин қизим қўшнилардан "скотч" сўрабди, бироқ ҳеч ким бермаган. Кейин у айбланувчининг эшигини тақиллатиб борган. У эшикни очиб, унда ҳам [скотч] йўқлигини айтибди. Кўп ўтмай бизникига келиб, қизимга тегажоғлик қила бошлаган. Қизимни ўпиб, босиб олиб сакраб, ечинтираман деб қўрқитган экан», — дейди жабрланган қизнинг онаси.

Талас шаҳар суди ўтган йилнинг декабрь ойи охирида айбланувчини уч йиллик пробация назоратига олиш ҳукмини чиқариб, суд залидан озод қилган эди. Бироқ жабрланган томон бу қарор устидан шикоят қилган, сабаби жиноят бўлган вақтда айбланувчи пробация назоратида бўлган.

Болаларга нисбатан зўравонлик

Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, 2022 йили Қирғизистонда болаларга нисбатан зўравонлик факти бўйича 438 жиноий иш қўзғалган. Шунингдек, ички ишлар вазири Улан Ниязбеков болаларга зўравонлик факти ҳар йили ортаётганини айтган.

Президент Садир Жапаров ўтган йилнинг 12 августида болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтиришга оид қонунни имзолаган.

Зўравонликдан жабрланган болаларга қандай ёрдам кўрсатса бўлади?

Агар сиз болаларга нисбатан зўравонликка дуч келсангиз ёки гувоҳ бўлсангиз, унда сиз «Болаларнинг ишонч телефони» марказининг 111 рақамига аноним ва бепул қўнғироқ қилсангиз бўлади. Марказ ўлканинг барча ҳудудларидан қўнғироқларни қабул қилади ва туну кун, дам олишсиз ишлайди.

Марказ ўлканинг барча ҳудудларидан қўнғироқларни қабул қилади ва туну кун, дам олишсиз ишлайди. Улар сизга консультация бериб, руҳий томондан ёрдам бера олади. Агар сизга ҳуқуқ идораларининг ёрдами керак бўлса, мурожаатингиз уларга юборилади.

Зўравонликка учраган болаларга ёрдам берадиган марказлар ишлайди. Қуйидаги манзиллардан топиш мумкин:

  • Бишкек шаҳри, Карасаев кўчаси №73. Телефонлар: 0312 442510, 0312 442574, 0312 542934
  • Ўш вилояти, Ўш шаҳри, Гапар Айтиев кўчаси, 5/1. Телефон: 03222 62288
  • Талас вилояти, Талас шаҳри. Телефон: 0778 4366775
  • Иссиқкўл вилояти, Каракол шаҳри, Жамансариева кўчаси № 163. Телефонлар: 03922 50405, 03922 50212
  • Иссиқкўл вилояти, Туп қишлоғи, Иссиқкўл кўчаси №33.