Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков Дубайдаги учрашув ҳақида фикрини билдирди

127

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков аввалги президентларни Дубайдаги учрашуви бўйича маълумот берди. Баёнотини у 21-февралда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилди.  

Жээнбеков учрашувнинг мақсади ўлкадаги бирдамликни мустаҳкамлаш эканини таъкидлаб, Садир Жапаровнинг ташаббусини ўзи ва бошқалар ҳам қўллаганини айтди. 

«Президент жамиятимизни “фалончи, тугунчи” деб бўлмайлик деб чақириқ ташласа, унинг бу тилагини биз, албатта, қўлладик. Учрашувнинг иштирокчилари ҳаммамиз, тўлиқ таркибда охиригача ўтириб, ҳар биримиз қўллаб-қувватлаган сўзларимизни айтдик», — деди у.

Жээнбеков «учрашув жамиятда турли қабул қилинганини — бизни фуқаролик жамиятининг кучлилигини, халқимизнинг ички иродасини яна бир бор кўрсатди» деди. У «Садир Жапаров ана шу миллий салоҳиятни бунёдкорликка йўналтиришга тўғри даъват қилди» дея қўшимчалади. 

Шунингдек, Жээнбеков Дубайдаги учрашувгача Жапаров уни Атамбаев билан учраштирганини тасдиқлади. 

«Ҳа, иккимизни яраштириш мақсадида президент бир стол атрофига ўтқизиб, учраштирган. Иккимиз ҳам ўз фикримизни айтиб, охирида қўл бериб, тарқалганмиз. Ҳар бир банда Худо олдида жавобгар… Баримизни бирдамликка чақириб, президент ўз бурчини бажарди. Энди биз ҳам фуқаро қатори мажбуриятларимизни бажарайлик. Ватандан ортиқ бойлик йўқ», — деб ёзди собиқ президент.

Президент Садир Жапаров шу куни «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков билан яқинда қамоқдан чиққан собиқ президент Алмазбек Атамбаевни «яраштирганини» билдирган.

«Барини Дубайга йиғишдан олдин Бишкекда Сооронбай Шарипович билан Алмазбек Шаршеновични бир ерга келтириб, иккисини яраштирганмиз. Иккиси ярашиб, бир-бирини кечириб кетишган. Кейин барча собиқ президентларни тўпладик. Албатта, ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, Дубайда учрашамиз деганмиз. Бир-бирига эса айтмаганмиз. Бу ҳақиқат. Айтсак, айримлари келмайди. Бироқ бизда махфий маълумотни яшириб бўлмайди. Қирғизистонда бари очиқ. Орасида барча президентлар йиғилаётганини билиб олганлар бор экан. Шундай бўлса ҳам ҳаммаси келишди», — деган у.

Атамбаев билан Жээнбеков 2017-йили ўтган президентлик сайловигача яқин сафдош бўлган. Бироқ Жээнбеков тахтга келгандан кейин иккисининг ўртасида келишмовчилик бошланган.

Ўшанда Атамбаев Жээнбеков номига бир неча марта кескин танқидларни айтган. Атамбаев Жээнбековга президентлик лавозимига келишига ёрдам берганини билдирган.

Ўртада кучайган келишмовчилик вақтида олдин Атамбаевнинг яқинларига, кейин собиқ президентнинг ўзига ҳам бир неча жиноий иш қўзғалиб, кейин собиқ президентлик мақоми бекор қилинган.

Атамбаев ўзи 2019-йили Жээнбековни ҳукуматга олиб келгани учун кечирим ҳам сўраган. 

Бироқ Жээнбеков президентлик лавозимида муддати тугагунча ўтирмаган. 2020-йилнинг октябридаги воқеадан кейин истеъфога чиқиб, ҳукуматга ўша кунлари тарафдорларининг ёрдами билан колониядан бўшатилган Садир Жапаров келган.

Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Омурбек Суваналиев журналистларга берган интервьюларининг бирида 2020-йилнинг октябрь воқеаларини хотирлаб, Сооронбай Жээнбеков президентликни топшираётганда «Атамбаевнинг одамлари [ҳукуматга] келмаслиги керак, Қўйтош воқеасини охирига етказасизлар, уни-буни қамайсизлар» деган бир неча шартлар қўйганини таъкидлаган.