Муфтият Новқатдаги мадрасада калтакланган ўсмир бола бўйича муносабат билдирди

138

21-февралда Қирғизистон мусулмонлар диний бошқармаси Ўш вилоятининг Новқат туманидаги мадрасада ўсмир боланинг калтакланиши бўйича маълумот берди. 

Маълумотда, ўсмир бола калтакланган «Равза» номли мадраса муфтиятнинг тасарруфида эмаслигини, шунингдек воқеа диний муассасада бўлмагани айтилади. 

Ўтган йилнинг 9-декабрида милицияга Кўк-Жар қишлоқ ҳукуматининг 12 ёшдаги турғуни оғир тан жароҳати олиб, жонлантириш бўлимига тушгани бўйича маълумот келган. 

Воқеа Новқат туман ички ишлар бўлимининг электрон журналига рўйхатга олинган ва «Соғлиққа оғир зарар келтириш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалган. Шунингдек, экспертизанинг хулосаси боланинг танаси оғир жароҳатланганини кўрсатган. 

Тергов давомида мазкур жиноят 13 ёшдаги икки бола ва 12 ёшли бир бола томонидан қилинганини ва уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор эканини аниқланган. 

Бироқ уларнинг ёши 14га тўлмаганлиги сабабли, иш «таркибида жиноят аломати бўлмаган» деган сабаб билан текширув қисқартирилган ҳамда гумондорлар махсус рўйхатга олинган. 

Шунингдек, уларнинг ота-оналарига Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги кодекснинг «Ота-оналик мажбуриятларидан қочиш» жиноий иши асосида жарима солинган. 

Бундан ташқари, туман бўлимидан воқеа содир бўлган «Равза» номли мадрасанинг рухсат қоғозлари бўлмагани сабаб уни ёпиш бўйича тегишли муассасаларга таклиф берилганини маълум қилишди.