Жапаров: Агар Бакиевни олиб келадиган бўлcам, Дубайда эмас, Бишкекда йиғилган бўлардик

166

Президент Садир Жапаров собиқ давлат раҳбарлари билан Дубайдаги учрашуви тахтдан қулатилган Курманбек Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш мақсадини кўзламаганини билдирди. Бу ҳақда у «Кабар» агентлигига берган интервьюсида айтди. 

«Кўпчилик бу учрашув шу [Бакиевни қайтариш] мақсадида эканини ёзишмоқда. Агар Бакиевни олиб келадиган бўлсак, унда Дубайда эмас, Бишкекда учрашардик. Бакиевдан бошқасини ҳаммаси Бишкекка кела олади. Бакиевга суднинг қарори бор. У келса қамалиши керак. Суд қарорларига бўйсунишимиз керак», — деб таъкидлади у. 

Жапаров ҳар бир одам Худо олдида, тарих олдида, қонун олдида ўз айби учун жавоб беради деб қўшимча қилди. 

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010-йили ҳукуматдан қулатилгандан кейин оиласи билан Минск шаҳрига қочган. 2010-йилнинг 7-апрелида норозиликка чиққанларга қарши қуролдан фойдаланиб, натижада Оқ уйнинг олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган. 

Қирғизистонда Бакиев сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг 25 йилини у кучайтирилган тартибдаги ахлоқ тузатиш қамоғида ўтказиши керак. 

Президент Садир Жапаров 18-февралда Дубайда Қирғизистоннинг собиқ ва қочқин президентларини тўплаган. Учрашувга қочқин президентлар Аскар Акаев билан Курманбек Бакиев, собиқ президентлар Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбеков, шунингдек, собиқ президент Алмазбек Атамбаев қатнашган. Бундан ташқари, Атамбаевнинг айтишича, учрашувда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ҳам бўлган. 

Жапаров ўзи сиёсатчиларни Қирғизистоннинг «бирдамлигини мустаҳкамлаш учун» тўплаганини айтган. Унинг айтишича, бирининг ортидан бири келган собиқ давлат раҳбарлари аччиқ гапларни айтиб, ичидаги аразларини тўкиб, асосийси — бир-бирини кечиришган. 

Президент қирғизистонликларга ҳам мурожаат қилиб, «кечира билиш ва кечиримли бўлиш буюк одат эканини» айтиб, «ўтган-кетган, кекларни, норозиликларни, хусуматларнинг барини унутиб, Қирғизистон манфаатини ўйлашга» чақирган. 

Учрашувда Бакиевни олиб келиш ҳақида масала кўтарилгани ҳақидаги тахминлар Алмазбек Атамбаевнинг изоҳидан кейин айтила бошлаган. Атамбаев учрашувдан кейин берган изоҳларида «ўлкада тинчлик ва бирдамликни ўрнатиш ва Бакиевларни Қирғизистонга қайтиб келиши» — икки хил нарса, уларни аралаштириш «умуман бошқа натижа беради» деб таъкидлаган. 

Жапаров билан учрашувда бу мавзу кўтарилмаганини тўнғич президент Аскар Акаев ҳам, Садир Жапаровнинг администрацияси ҳам айтган.