Мадумаров президентларнинг учрашувини танқид қилиб чиқди

176

«Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров Садир Жапаровнинг Дубайда собиқ президентларни бир ерга тўплаганини танқид қилиб чиқди. Бу ҳақда 21-февралда «Super.kg» портали ёзиб чиқди. 

Депутатнинг фикрига кўра, агарда экс-президентларнинг эркинлигига, ҳаётига кафолат берилса улар Қирғизистонда йиғилишгани яхши бўлар эди. 

«Халқ учун ишлаймиз деб юрган азаматларнинг бари ўзларининг масаласини бегона ерга бориб, яширин турда учрашуви бу жуда шармандали масала. Барини бир даврага бириктирдим деб айтяпти, бир ерга ўтқизадиган бўлса хосиятли қирғиз ери бор. Шу ерда халқ учун, давлат учун ишлаймиз деб қасамёд қилишган», — деди у.

Шунингдек, Мадумаров, учраушвнинг асосий мақсади — президентларнинг тақдири ёки давлатнинг келажаги эмаслигини айтиб, «ҳозирги ҳукумат ўз ариғини олдиндан чопмоқда» деб таъкидлади. 

Жапаровнинг собиқ президентлар билан учрашуви

Президент Садир Жапаров 18 февралда Дубайда Қирғизистоннинг собиқ ва қочқин президентларини йиғган. Жапаров учрашувда бирининг ортидан бири келган собиқ давлат раҳбарлари аччиқ гапларни айтиб, юрагидаги аразларни тўкиб, энг асосийси — бири-бирини кечиришганини таъкидлаган.

Президент қирғизистонликларга ҳам мурожаат қилиб, «кечира билиш ва кечиримли бўлиш миллий одат эканини» айтиб, «ўтган-кетган, кекларни, норози гапларни, араз-хусуматларни ҳаммасини унутиб, Қирғизистоннинг манфаатини ўйлашга» чақирган.

Бунгача яқинда қамоқдан озод қилинган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам учрашув ҳақида фикр билдирган. У учрашувга собиқ президентлар келиши ҳақида олдиндан хабардор бўлганини, учрашувда Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиев бўлишини маълум қилинганини айтган.

Унинг фикрича, «ўлкада тинчлик ва бирдамликни ўрнатиш билан Бакиевларни Қирғизистонга қайтиб келиши» — икки хил нарса. Уларни аралаштириш «умуман бошқача натижа беради».

Ҳукумат Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш учун асос йиғаётгани ҳақидаги тахминлар собиқ президентлар Дубайда учрашгунча ҳам айтилган.

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010 йили Қирғизистондаги ҳукуматдан қулатилгандан кейин оиласи билан Минск шаҳрига қочган. 2010 йилнинг 7 апрелида норозиликка чиққанларга нисбатан қуролдан фойдаланиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Суд 2013 йили 7 апрелдаги инқилоб бўйича Курманбек Бакиевни сиртдан 24 йилга озодликдан маҳрум қилган.