Давлат думасининг депутати Константин Затулиннинг фикрича, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти тинчликпарвар кучларининг Қирғизистонда ўтказилаётган машғулотлари мамлакат расмийларига ички сиёсий муаммоларни енгишда ёрдам беради. Бу ҳақда Затулин «Ведомости» нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Затулиннинг сўзларига кўра, Қирғизистон расмийлари альянсдаги ҳамкорлар билан алоқаларини шундай кўрсатади. Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон ўқув машғулотларига розилик бериб, Россия ва КХШТга содиқлигини кўрсатди.
«Қирғизистоннинг йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ. [...] Қолаверса, Марказий Осиёнинг ҳар қандай давлати сингари, Қирғизистоннинг ҳам шимол ва жанубга бўлинган Қирғизистоннинг яхлитлигидан хавотирланишга етарлича асослар бор. Шу нуқтаи назардан, КХШТ машғулотлари ўз жойида бўлиши мумкин - ҳукмрон кучлар ва ҳамдўстликдаги шериклар ўртасидаги алоқани кўрсатиш учун», - деди Затулин.
14 февраль куни Бош штаб бошлиғи генерал-полковник Анатолий Сидоров Қирғизистонда КХШТ тинчликпарвар кучларининг навбатдаги «Бузилмас биродарлик-2023» машғулотлари ўтказилишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу машғулотлар инқироз зонасида можародан кейинги тартибга солиш вазифаларини ишлаб чиқади. Шунингдек, улар тинчлик ва хавфсизликни сақлаш учун КХШТ коллектив хавфсизлик тизими кучларидан фойдаланган ҳолда тинчликпарварлик амалиётини ўтказадилар.
КХШТ ўқув машғулотларини Қирғизистонда ўтказишга қарор қилинди, чунки Арманистон январь ойи бошида улардан воз кечди, бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Арманистон ўз ҳудудида бундай машғулотлар ўтказишни номақбул деб ҳисоблайди.