9-февралда «Апрель» телеканали Кампиробод иши бўйича қўлга олинганлардан бири сиёсатчи Мамбетжунус Абилов шошилинч турда Миллий госпиталнинг урология бўлимига ётқизилганини ёзди.
Аввалига телеканал Абилов соғлиғи сабабли уй қамоғига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берган эди. Нашр кейинчалик бу баёнотни тузатган.
Жазони ижро этиш хизмати «Клооп»га Абиловнинг касалхонага юборилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Бироқ департамент матбуот котиби Элеонора Сабатарованинг айтишича, «сиёсатчи шифохонага шошилинч эмас, анча вақт олдин кўчирилган».
Унинг айтишича, Абилов режали даволанишдан ўтмоқда, ҳозирда унинг аҳволи қониқарли. Сабатарова, шунингдек, сиёсатчининг уй қамоғига қўйиб юборилганини рад этди.
Мамбетжунус Абилов Қирғизистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси. Кампиробод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзоси бўлган. Сиёсатчи аввалроқ қўмита йиғилишида «ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки давлат тўнтариши ҳақида бир оғиз сўз айтилмаганини» билдирган эди.
Кампиробод иши
2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.
Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.
Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.