Туркиянинг Адана шаҳрида содир бўлган кучли зилзила натижасида бир қирғизистонлик аёл жабрланди. Унинг аҳволи қониқарли ва у аллақачон шифохонадан чиқарилган, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот хизмати.
Маълумотга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Қирғизистон фуқаролари йўқ.
Қирғизистоннинг Анталия шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тарафидан эса Адана шаҳридаги 10 қирғиз фуқаросига озиқ-овқат, сув, иссиқ кийим ва кўрпа-тўшаклар турида ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларга иссиқ овқат берилиб, хавфсиз жойга жойлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Туркияга ёрдам кўрсатиш учун 63 нафар қутқарувчи, жумладан шифокорлар ва психологлар гуруҳини юборган эди.
Туркияда 6 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан 04:17 да 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган. Кечга яқин Туркиянинг марказий қисмида янги зилзила қайд этилди, унинг кучи 7,7 баллга баҳоланди.
Расмий маълумотларга кўра, Туркияда 2921 киши ҳалок бўлган, 16 мингга яқин киши жароҳатланган. Сурия расмийлари камида 1444 киши ҳалок бўлгани ва минглаб одамлар яралангани ҳақида хабар бермоқда.