Иссиқкўл вилоятининг Қоракўл шаҳрида туғруқхонада 15 кун ичидан вафот этиб қолган олти чақалоқнинг иккиси чала туғилган, беш боладан сепсис аниқланган. Бу маълумотни «Клооп»га Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош неонатологи Сагин Абдувалиева билдирди.
«Ушбу чақалоқлардан бири 1000 граммдан кам вазнда туғилган. У муддатидан олдин туғилган ва ўпкаси етарли даражада ривожланмаганлиги сабабли вафот этган. Вазни 1 кг 800 грамм бўлган бир эрта туғилган чақалоқ билан қолган тўрт нафар чақалоққа сепсис ташхиси қўйилди», — деди Абдувалиева.
Неонатолог шифокорнинг билдиришича, ушбу ҳодиса бўйича материалларни ўрганган комиссия туғруқхона «кундалик иш ва инфекцияни назорат қилиш талабларини ёмон бажарган» деган хулосага келган.
Абдувалиева шунингдек, кўрилган қаттиқ дезинфекция тадбирларидан сўнг туғруқхона яна беморларни қабул қилаётганини қўшимча қилди. Шифокорнинг фикрича, бундай назорат нафақат Иссиқкўл вилоят шифохонасида, балки бутун республика бўйлаб ўтказилиши керак.
Мутахассис Қоракўл шаҳар санитария-эпидемиология бошқармаси туғруқхона билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак, деб ҳисоблайди. У тиббиёт муассасасини нафақат назорат, балки қўллаб-қувватлаш ҳам зарурлигини таъкидлади.
Иссиқкўлдаги чақалоқларнинг ўлими
17-январда Иссиқкўлнинг Қоракўл шаҳридаги вилоят қўшма касалхонасида 15 кунда янги туғилган чақалоқ ўлимининг олти ҳолати қайд этилиб, туғруқ бўлими дезинфекцияга ёпилган.
Касалхонанинг етакчиси Мирбек Сагинбаев эса эгаллаган хизматидан вақтинча бўшатилган.
Вафот этган болаларнинг ота-оналари 20-январда «Клооп»га интервью бериб, чақалоқларнинг ўлими «шифокорлар сабаб бўлган» деб айтишган. Улардан бири ўлимига қадар касал бўлмаганини, хомиладорлиги вақтида топширган таҳлиллари тоза чиққанини таъкидлаган.
Жетўғуз туманининг Турсунай номли турғуни эса шифокорлар унинг боласи «сепсист» сабаб кўз юмганини айтишганини, бироқ у инфекция «касалхонадан юққан» деб ҳисоблашини билдирган.
Касалхонанинг етакчиси эса воқеага «болаларнинг чала туғилгани ва оналарнинг соғлиғи ёмонлиги» сабаб бўлган деб тушунтирган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез орада перинотология мутахассисларидан иборат комиссия тузилганини хабар қилган.
27-январда Вазирлар маҳкамасидан Иссиқкўлнинг Қоракўл шаҳрида вилоят қўшма касалхонасидаги 6 чақалоқнинг ўлими бўйича касалхонанинг етакчиси ҳамда бир қатор ходимлар ишдан бўшатилгани хабар қилинган.
Шунингдек президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакилининг ўринбосари Айнура Султанбаевага хайфсан эълон қилинган.