Кампиробод иши: Аудио ёзувлар бўйича лингвистик экспертизанинг хулосаси чиқди

155

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган фаоллар ва сиёсатчилар ўртасидаги суҳбатнинг лингвистик экспертизасининг хулосаси чиқди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдирасуловага таяниб «Азаттиқ» нашри хабар берди.

Абдирасулова экспертиза натижалари адвокатларга яқиндагина берилаётганини билдирди. Унинг айтишича, адвокатлар хулоса ва процессуал масалалардан норози бўлишмоқда.

«Экспертизанинг натижасида қўлга олинганларни айримларининг сўзида “жиноят таркиби бор”, баъзиларининг гапида «жиноят таркиби йўқ» деб берилибди. Кимники қандай чиққанини ҳозир айта олишмайди. Сабаби улар бу ишга «махфий» деган гриф қўйилган. Бундан ташқари, барча адвокатлар хулосани олмаган. Олганлар рози бўлмай, қайтадан бошқа экспертиза ўтказишни талаб қилишмоқда. Бу бўйича алоҳида суд иши кўриб чиқилиши мумкин», - деб тушунтирди у.

Абдирасулова ҳуқуқ-тартибот идоралари экспертизанинг хулосасини адвокатларни тергов қамоғига чақириб бераётганини айтиб, бундай ҳаракатни «ноқонуний» деб баҳолади.

«Чунки терговчи ҳеч қачон қамоқхонага кирмаслиги керак. Тергов қамоқхонасига адвокатлар телефонсиз киритилади, улар ишни тасвирга олишмасин деб, махсус ўша ерга киритилмоқда», деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ички ишлар вазирлиги эса Кампиробод иши бўйича лингвистик экспертиза натижалари ҳақида маълумот бермаган.

Кампиробод иши

2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 20 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган. Шундан бери тергов амаллари олиб борилмаяпти.

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган.

Улар очилик оқибати учун жавобгарликни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган. Кейинчалик ҳибсга олинганларнинг уч нафари: журналист Айданбек Акматов, сиёсатчи Азимбек Бекназаров ва фаол Чингиз Капаров очликни тўхтатишган.

Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.