Ўш: Олий суд қизни ўлдириб, ҳовлисига кўмиб қўйган Назаралиевни умрбод озодликдан маҳрум қилди

149

Олий Суд 22 ёшдаги Медияна Талантбековани ўлдириб, ҳовлисига кўмиб қўйган 25 ёшдаги Абдулбасит Назаралиевни умрбод озодликдан ажратиш қарорини кучида қолдирди. Суд мажлиси 1-февралда ўтди.

Айбланувчининг адвокатлари Олий судга кассация аризасини бериб, бунга қадар қабул қилинган Ўш вилоят судининг қарорини бекор қилишни ҳамда ишнинг квалификациясини алмаштириб, Назаралиевни 15 йилга ҳукм қилишни илтимос қилган. 

Аммо суд коллегияси ишни «Ўта шафқатсизлик билан одам ўлдириш» моддаси бўйича қолдириб, аввалги  инстанциянинг қарорини ўзгаришсиз қолдирди. 

Жабрланувчи томоннинг адвокати Динара Турдуматова эса айбланувчи томон жиноятчининг «ёши ва аввал судланмаганини ҳисобга олиб енгиллатилган жазо берилишини талаб қилганини» таъкидлади.

Шу билан бирга у, «жиноят иши ўта оғир шафқатсизлик билан амалга оширилгани сабабли суд қарори адолатли бўлганини» қўшимча қилди.

Марҳумнинг онаси Гулмайрам Мамарасулова суднинг қарорига рози эканини айтиб, қизининг ўлимидан «бир йилдан кейин адолат қарор топганини» таъкидлади.

«Бу боланинг жазоси умр бўйича қамоқда қолиш. Биз қандай қийинчиликлар билан қизимизни боқиб ўстирган эдик. Энди бундай ваҳшийларнинг жамиятга аралашиб юришга ҳаққи йўқ. Мана кеча 30га яқин одамни чақириб, Қуръон ўқиб, кейин [йўлга] чиқдик», — деди у.

Медиянанинг отаси Талантбек Эргешов қизининг ўлимига ишона олмай, уни ҳамон кутиб юрганини айтди. 

«Бир йил судраб юришди. Мана адолат бор экан. [...] Энг ёмони...Қизимни ҳар куни кутаман. “Ана келиб қолади, мана келиб қолади” деб», — деб билдирди марҳумнинг отаси. 

Медиянанинг ўлдирилиши 

Ўш вилоят суди, 2022-йилнинг 30-сентябри. Сурат: Айжамал Туголбай қизи / Kloop

Медиянанинг ўлими ҳақида 2022-йилнинг февраль ойида маълум бўлган. Отаси ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилиб, қизи 30-январдан бери бедарак бўлаётганини айтган.

Милиция жиноятда гумондор қатори унинг гаплашиб юрган 24 ёшдаги йигитни қўлга олган. 8-февралда Қорасув туманининг Ишкаван қишлоғидаги гумонланувчининг яшаган уйи тинтувга олиниб, 35-40 см чуқурликда қазилган чуқурдан қизнинг жасади топилган.

Тергов давомида айбланувчи марҳум билан яқин алоқада бўлиб, 2021-йилнинг декабрь ойида «бир сафар жинсиё алоқага борганини» айтиб, шунингдек айбини тўлиғи билан тан олган.

Суд-тиббий экспертизанинг хулосасида, жабрланувчи кўкрагидан 9 карра, киндик томонидан 1 марта яроҳат олган. Бўйни эса тўлиғи билан жабрланган. Шунингдек, жабрланувчининг 6-7 ҳафталик ҳомиладор бўлгани аниқланган.

Шу сабаб «Ҳомиладор аёлни шафқатсизлик билан ўлдириш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғалган.

Июль ойида эса Қорасув туман суди гумонланувчининг уй мулкини конфискациялаш билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бунга марҳумнинг яқинлари норози бўлиб, апелляция шикоятини беришган.