Болот Темиров: Ўз фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш — дунё амалиётида ҳам бўлмаган

184

Журналист Болот Темиров узоққа чўзилган танаффусдан кейин Фейсбук саҳифасида Temirov LIVE жамоаси суриштирув фаолиятини давом эттиришини ёзди

«Менда ҳаммаси яхши. Биринчидан, шунчаки дам олдим. Иккинчидан, икки дўст ҳамда унинг хизматкорлари ҳаётимни мураккаблаштиришга ҳаракат қилди, аммо барини енгиб чиқа олдим. У ерда қизиқарли ҳеч нарса ҳам йўқ. Жамоамиз аввалгидек ишлашда давом этади. Биз Қирғизистондаги энг ҳақиқатгўй ҳамда энг самарали жамоаларнинг бири эканимизни исботладик. Бу бизнинг Temirov LIVE ва Айт Айт Десе жамоалари тузилган икки йилнинг ичидаги энг асосий муваффақиятимиз. Яқинда янги дастурларни кутинг!» — деб ёзди Темиров.

Журналист унинг мамлакатдан чиқарилиши умуман ноқонуний эканини таъкидлади. 

«Бу очиқ-ошкор. Мен туғилганимдаёқ Қирғизистоннинг фуқароси бўлиб туғилганман. Ҳеч қачон фуқаролигимдан бош тортмаганман. Ўз фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш дунё суд амалиётида учрамаган нонсенс», — деб қўшимча қилди журналист.

Шунингдек Темиров у учун хавотирланиб, ёрдам таклиф қилганларнинг барига миннатдорчилигини билдирди. 

Темировнинг мамлакатдан чиқарилиши 

Бишкек шаҳар суди 23-ноябрда журналист Болот Темировни мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича қарор қабул қилган. Суднинг ҳукмидан кейин дарҳол Болот Темировни суд залидан куч билан олиб чиқиб, машина билан номаълум томонга олиб кетишган. 

Парламент депутатлари, мустақил юристлар, медиа жамоатчилик ҳамда халқаро ташкилотлар журналист мамлакатдан куч билан чиқарилганини айблаб, суд қарорини бекор қилишни талаб қилишган. Уларнинг бари журналистни фуқароликдан ажратиш билан мамлакатдан ташқарига чиқаришни — Темировнинг конституциявий ҳуқуқини бузиш ҳамда «ҳаддан ошган қувғин» деб ҳисоблашади. «Адилет» ҳуқуқий клиникаси жамоат фондининг юристлари Бишкек шаҳар суди Конституцияни қўпол тарзда бузганини» таъкидлаган. 

Шунга қарамай ИИВнинг вакиллари Темиров Қирғизистонда туғилган, аммо мамлакатнинг фуқароси эмас деб билдиришган.

2022-йилнинг декабрида ички ишлар вазирининг ўринбосари Нурбек Абдиев парламентнинг йиғинида Болот Темировга Қирғизистонга киришга беш йилга тақиқ қўйилганини айтган.