Киберспортчи Бақит Эмилжанов «Қирғизистоннинг спорт устаси» номини олди

98

Киберспортчи Бақит Эмиржанов (Zayac) «Қирғизистон Республикасининг киберспорт бўйича спорт устаси» унвонини олди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бундай унвон Қирғизистон тарихида биринчи марта берилаётганини таъкидлади.

Zayac Маданият вазири Алтинбек Мақсутов билан учрашди, унга Қирғизистон компьютер спорти федерацияси фаолияти ҳақида сўзлаб берилди. Айнан у қирғизистонлик киберспортчиларнинг жаҳон чемпионати ва турли халқаро турнирларда иштирок этишини таъминлайди.

Бақит Эмилжанов. (Zayac ) Сурат: Маданият вазирлигининг матбуот хизмати

Бақит Эмилжанов ўтган йилнинг октябрь ойида Team Secret жамоаси таркибида Dota 2 видео ўйинида The International 11 мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади - бу турнир ушбу ўйинда энг нуфузли ҳисобланади.

Финалда Team Secret биринчи ўринни Tundra Esports’га бой берди. Ғолиблар 8,4 миллион доллар, Team Secret эса 2,4 миллион доллар олди.

Эмилжанов расман Team Secret билан 2022 йилнинг июлидан бери ўйнамоқда.