Кампиробод иши: Орозайим Нарматова уй қамоғига чиқарилди

151

Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ депутат Орозайим Нарматовани уй қамоғига чиқарди. Бу ҳақда суднинг матбуот хизмати хабар берди.

Қарор 30 январь куни қабул қилинган. Айни пайтда 31 январга ўтар кечаси ОАВда Нарматова уй қамоғига чиқарилгани ҳақидаги маълумот тарқалди. Собиқ депутат 20 февралга қадар уй қамоғида бўлади.

Ҳибсга олинган фаол Али Шабданнинг рафиқаси Нурайим Сидигалиева ўзининг Твиттер саҳифасида Нарматованинг соғлиғи сабабли ТИЗО-1дан касалхонага ўтказилганини маълум қилган.

Кампиробод иши бўйича ҳибслар

Собиқ депутат Орозайим Нарматова Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган 30 кишидан бири. Фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар, жумладан Нарматова Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан. Уларнинг барчаси оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбланмоқда.

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Сиёсатчи ва фаолларнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.  

Оммавий ҳибсга олишларга қарши ва маҳбусларни ҳимоя қилиш бўйича ўтган митингларига қарамай, Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари 27 январь куни давлат чегарасини делимитация қилиш жараёнини якунладилар.

Ҳужжатларни имзолаш чоғида Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор келишувларга эришилганини таъкидлади.

Учрашувда унинг ҳамкасби Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Қирғизистонда қисқа вақт ичида амалга оширилган таъсирчан ислоҳотлар»нинг гувоҳи бўлганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, бу «икки республика халқлари узоқ йиллардан бери кутган тарихий воқеа».