Шакиев ОСАГО ҳақида: 1-апрелдан бошлаб ҳеч кимга жарима солинмайди

110

Парламент спикери Нурланбек Шакиев Жогорку Кенешнинг 26-январдаги йиғинида 1-апрелдан бошлаб автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлигини мажбурий суғурта полиси (ОСАГО) йўқлиги учун ҳеч кимга жарима солинмаслигини билдирди. 

Шакиев вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров билан учрашиб, депутатларнинг ОСАГОни киргизиш муддатини кейинга қолдириш бўйича таклифини етказганини айтди. 

«Кеча вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров келди, гаплашдик. Депутатларнинг таклифини айтдим, у киши билан маслаҳатлашдик. 1-апрелдан бошлаб бояги жарималар тўланади деган муддатни бошқа муддатга кўчирадиган бўлдик. Президентнинг ҳам шундай топшириғи бор экан», — деди парламент спикери.

Спикер ОСАГО ҳақидаги қонун қанча вақтда жилганини айтгани йўқ. 

1-январдан бошлаб мамлакатдаги ҳайдовчилар ОСАГО полисини рўйхатга олишлари мумкин. Суғурта мажбурий ва уни мамлакатдаги барча турдаги автотранспорт воситаларининг эгалари олиши керак. 

Полисни ҳозирдан рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Ҳозирча у ихтиёрий деб айтса бўлади. Суғурта полисининг базавий миқдори — 1680 сом. Бироқ унинг охирги баҳоси бари учун бирдек бўлмайди. Унинг баҳоси транспортнинг турига (двигателнинг кўламига кўра), ҳайдовчининг ёшига ҳамда ҳайдаш стажига, шунингдек у йўл ҳалокатига қанчалик кўп дуч келишига кўра ўзгариб туради. 

Ҳукумат 1-апрелдан бошлаб суғурта полиси йўқлиги учун жисмоний шахсларга 3000 сомдан, юридик шахсларга 13 минг сомдан жарима сола бошлаши айтилган эди. Энди бу муддат жилди.