Қирғиз-ўзбек заводи илк босқичда йилига 3 минг автомобил чиқаради — Ўзбекистоннинг элчиси

125

Чуй вилоятида қуриш режалаштирилаётган Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль заводи илк босқичда йилига 3 минг дона автомобиль ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Хуршид Мирзоҳидов «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида билдирди.

Унинг айтишича, бундан кейин енгил автомобиллар, микроавтобуслар ва енгил юк машиналари ишлаб чиқариш ҳажми йилига 30 минг донага кўтарилиши мумкин.

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бишкекка бўлган давлат ташрифи доирасида Қирғизистонда қўшма автомобиль ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланиши кутилмоқда. Бу эса мамлакатларимизнинг ваколатли идоралари олдида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни энг қисқа вақт ичида ҳал қилиш вазифаси туришидан далолат беради», — деган у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари Чуй вилоятининг Москва туманига қарашли Ақ-Сув қишлоғида автомобиль заводи қуришни режалаштираётгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, у ерда микроавтобус, пикап ва седан каби 19 турдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади. Автомобиль ишлаб чиқариш учун танланган корхоналардан бири – ДТ Техник» компаниясининг директори Фарходжон Досматовнинг айтишича, дастлабки босқичда автомобиль заводида Chevrolet ва Isuzu тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Енгил машиналарнинг баҳоси 13 минг, юк ташувчи машиналарники эса — 28 минг доллардан бўлади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи 26—27 январь кунлари бўлиб ўтади.