ОАВ: Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Жениш Разаков фирибгарликда гумонланиб ҳибсга олинди

168

Бишкекда собиқ бош вазир ўринбосари Женишбек Разақов қўлга олинди. Бу ҳақда бир қанча оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.

24.kg ахборот агентлигининг ёзишича, Разақов президент Садир Жапаровнинг яқин сафдоши деб аталган учинчи чақириқ Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Арзибек Буркановнинг илтимосига биноан ҳибсга олинган.

«Тасдиқланиши керак бўлган маълумотларга кўра, Жениш Разақов Буркановдан пул олиб, қайтариб бермаган. Гап 1 миллион 200 минг доллар миқдорида кетмоқда. Собиқ амалдор вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди. У фирибгарликда айбланмоқда», — дейилади таҳририятдан.

Kaktus.meida нашрининг аниқлик киритишича, Разақов гўёки «қўшма бизнесни ривожлантириш учун Буркановдан маблағ олган, аммо бизнес ҳам, маблағ ҳам йўқ бўлган».

ИИВдан «Клооп»га шикоятчининг тўлиқ исм-шарифини ошкор қилишдан бош тортишди, аммо вазирлик кўрсатган инициаллар Буркановникига мос келади. 

Жениш Разаков меҳнат фаолиятини Қизил-Қиядаги Алай машинасозлик заводида бошлаган, 1996 йилдан ички ишлар органларида ишлаган. 2011-2012 йилларда Боткен вилояти ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган. Кейин у ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили бўлиб, бу лавозимда 4 йил ишлаган.

2016 йилда эса у Бош вазир ўринбосари этиб тайинланган. Кейинги икки йилда у Хавфсизлик кенгаши котиби ва президент маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган, 2018 йилда эса ҳуқуқ-тартибот ва чегара масалалари бўйича бош вазир ўринбосари лавозимига қайтган.

2020 йил февраль ойида Разақов ўз хоҳиши билан Бош вазир ўринбосари лавозимидан кетган эди.