Швейцария иқлим ўзгаришининг олдини олиш учун Қирғизистонга 9 миллион доллар ажратади

151

Швейцариянинг ҳукумати иқлим ўзгариши ва табиий офатларнинг олдини олиш учун Қирғизистонга 9 миллион АҚШ долларидан ортиқ грант ажратади. Бу ҳақда 24 январь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билдирди.

Маълумотларга кўра, Ўш, Боткен ва Норин вилоятларида иқлим билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ишлари олиб борилмоқда. Маблағнинг 250 минги  ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, маҳаллий ҳокимият идораларига ва республика миқёсидаги муассасаларга ажратилиб, қурғоқчилик, сув тошқини, қор кўчкиси каби офатларнинг олдини олишга сарфланади.

Шартномани имзолаш вақти. Сурат: Таълим вазирлиги

Битимни Швейцариянинг Қирғизистондаги элчиси Оливе Бангертер ва БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурининг директори Кожиро Накай имзолади.

Йиғилишда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Мамбетов иштирок этиб, дастур ижросини таъминлашга кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

«Иқлим билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ва унинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирини камайтириш бўйича ишлар кучайтирилади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилади, табиий офатларга қарши тайёргарликни кучайтириш бўйича тренинглар ташкил этилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўтган йили Таълим ва Маданият вазирлиги мамлакатдаги кўчки хавфи мавжуд 44 та ҳудудда табиий офатларнинг олдини олиш бўйича йирик лойиҳа бошланганини маълум қилган эди. Уни амалга ошириш учун Осиё тараққиёт банки 39 миллион АҚШ доллари ажратган. Мутахассислар хавфли деб топилган 44 та йўналиш бўйича тадқиқот ўтказган.

Дастлабки босқичда мутахассислар потенциал хавфли ҳудудларни текширишлари ва кейин асосий ишни бошлашлари керак. Қирғизистонда бу усул биринчи марта қўлланилмоқда.

Муаллиф: Айзада Кубаничбекова