«Хавфли эканмиз». Жээнбеков Кампиробод бўйича қамалганларнинг қамоқдаги шароити ҳақида айтди

137

Мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жээнбеков ТИЗО-1дан хат ёзди. Хатда Кампиробод иши бўйича айбланувчилар «ўта хавфли жиноятчилар» сифатида ҳибсда сақланаётганини билдирди. Сиёсатчининг мактуби унинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинди. 

«Биз сиёсий маҳкумлар террористларнинг ўрнини “тортиб олиб” террорчилардан ҳам қийин аҳволда бўлиб қолдик. Агар бунгача ТИЗОда “тартиблилар”, “қизиллар” ва “ижтимоийлар” бўлса, энди “сиёсийлар” ҳам қўшилди», — деб ёзди у.

Жээнбековнинг айтишича, ТИЗО-1да Кампиробод иши бўйича қамалганларга қоида ва назорат кучли бўлмоқда. 

«Биз Садир Жапаровнинг мухолифати бўлганимиз учун террорчилардан ҳам ёмонмиз-да. Бизни ишончли ва текширувдан ўтганларгина қўриқламоқда, металл қидирувчи аппаратлари билан. Бизни махсус текширишади. Бизнинг йўлакка овоз ҳам ёзувчи видео камераси ҳам қўйилган. Ҳатто ТИЗО-1 ходимларининг ўзларини ҳам текширишади. Биз шунчалик хавфли эканмиз», — деб ёзди Жээнбеков.

Кампирободнинг Ўзбекистонга ўтишига қарши танқидлар сабаб ҳибсга олишлар

2022-йилнинг октябри охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилган 30 нафардан ортиқ фаол, сиёсатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олинган. Уларнинг бари оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёрланишда айбланган.  

Қўлга олинганларнинг бари айблари йўқлигини, уларга босим бўлаётганини, жиноят иши уларнинг Кампиробод масаласи бўйича позицияси сабаб қўзғалганини билдиришган. Қамоққа олишдан норозилик билдириб 19 киши очлик эълон қилган. 

Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.