Чуй вилоятида кўкрак ва бачадон саратонини бепул текшириш бўйича уч кунлик акция бошланди

160

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг UNFPA  жамғармаси кўмагида 25-27 январь кунлари Чуй вилоятида аёлларни кўкрак ва бачадон саратонининг олдини олиш мақсадида бепул текширувдан ўтказади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Соғлиқни мустаҳкамалаш маркази маълум қилди.  

Акция ҳар йили 4 февралда нишонланадиган Бутунжаҳон саратон кунига бағишланган.

Кўрикдан 12:00 дан 16:00 гача Чуй вилояти оилавий тиббиёт марказида, шунингдек, Лебединовкадаги оилавий шифокорлар гуруҳида ўтишингиз мумкин.

25 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир киши учун сут безларини текшириш, бачадон бўйни текшируви, колпоскопия мавжуд. Беморлар фақат паспортларини олиб келишлари керак бўлади.

Соғлиқни мустаҳкамалаш марказининг маълумотига кўра, Қирғизистон саратон касаллигидан ўлим бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи ўринда туради. Мамлакатда ҳар йили 5,5 мингга яқин янги онкологик касалликлар қайд этилади.

Кўкрак ва бачадон саратонини текшириш

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Чегара билмас шифокорлар» халқаро тиббий-гуманитар ташкилоти билан биргаликда кўкрак ва бачадон саратонининг олдини олиш дастурини амалга оширган эди. Дастурга кўра, уч йил ичида 60 мингга яқин аёлни тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 15 июнидан буён 3,5 минг нафар аёл тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан бирида кўкрак бези саратони аниқланган. 2000 га яқин аёл кўкрак бези саратони ва бир хил миқдордаги бачадон бўйни саратони учун тестдан ўтказилди. Минглаб беморларда шифокорлар жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларни аниқладилар ва уларни даволашди. Яна 2000 нафар хотин-қизларга оилани режалаштириш бўйича маслаҳатлар олишган.

Муаллиф: Асел Кабилова